Афғонистоннинг муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Ғани Бародар Ўзбекистондан аввалги ҳукумат ағдарилганидан сўнг, афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Afghanistan.ru нашри хабар берди.

30 ноябрь куни Ўзбекистон ТИВ президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Кобулга ташриф буюриб, Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашганини маълум қилганди.

Ташриф чоғида Ўзбекистон вакили Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида музокаралар олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош прокуратураси 14−15 август кунлари мамлакат ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтган Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбийлар бўлган.

Бундан ташқари, 15 август куни «Хонобод» аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та Embraer 314 русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистоннинг 2 та «МиГ-29» русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олингани ҳақида ёзган эдик.

Лекин кузатув давомида Embraer 314 ва «МиГ-29» самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган.