1 январь куни соат 13:00 ларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлида ЙТҲ содир бўлди. Бунинг оқибатида 5 киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Cobalt автомобили ҳайдовчиси, 1990 йилда туғилган фуқаро ёмғир ёғаётганини инобатга олмасдан, тезлик билан ҳаракатланиши оқибатида, руль бошқарувини йўқотиб бетон тўсиққа урилгани айтилмоқда. Ҳодиса натижасида, ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бир неча кун аввалроқ, яъни 27 декабрь куни соат 19:00 да Nexia ҳайдовчиси «Нишон-Талимаржон» автомобил йўлининг 25 кмда таъмирлаш ишлари олиб бораётган Нишон тумани Йўлларидан фойдаланиш УК йўл бўлими ишчисини уриб юборган. У олган тан жарохати оқибатида воқеа жойида вафот етган.

Ҳар икки авария юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга вилоят ИИБ 3 январь куни изоҳ берди.