Адлия вазирлиги 2017−2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш муддати тугаганлиги муносабати билан «Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ҳужжат Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган ва 14 январга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Таклиф этилаётган Тараққиёт стратегиясининг учинчи устувор йўналиши — Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлашда келгуси 5 йилда амалга ошириш режалаштирилган макроиқтисодий кўрсаткичлар қайд этилган.

Келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ЯИМни — 1,6 бараварга — тахминан 3 минг АҚШ долларидан кўпроққа ошириш мақсад қилинган. 2021 йил якунларига кўра, ушбу кўрсаткич тахминан 1,9 минг долларга тенг.

Шу билан бирга, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш кўзланган.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва йиллик инфляция даражасини 2023 йилгача босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтириш режа қилинган. Ҳозирда 9,98 фоизга тенг.

Қолаверса, Давлат бюджети тақчиллигини 2023 йилдан ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсад қилинган, ҳозирда у 6 фоиз атрофида.

Давлат қарзини бошқаришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 млрд доллардан ошиб кетмаслигини таъминлаш ҳам режада бор. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу ерда фақат давлат қарзи назарда тутилмоқда, давлат ва давлат назорати остидаги корпорациялранинг қарзига чегаралар қўйилмаган.

2026 йилга қадар экспорт ҳажмларини 30 млрд долларга етказиш кўзланган, ҳозирда ушбу кўрсаткич 16 млрд доллар атрофида.

Бундан ташқари, келгуси 5 йилликда ишсизлик даражасини камида 2 баравар қисқартириш (ҳозир 9,5% атрофида), камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш (ҳозир тахминан 15 фоиз), солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 25 фоизи даражасига камайтириш (ҳозир 30%) мақсад қилинган.