Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурини эълон қилди. Дастур доирасида келгуси беш йиллик учун Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилган. «Газета.uz» мазкур стратегиянинг энг муҳим қисмларини тақдим этади (номзод биографияси ва тўлиқ дастури билан бу ерда танишишингиз мумкин).

«Биз Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик ва уни бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз».

Биринчи йўналиш. Илм ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этиш

Келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4000 доллардан ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киришга замин яратиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 1,4 баробар ва меҳнат унумдорлигини камида 2 баробарга ошириш учун шароит яратилади. «Драйвер» соҳаларда «хомашёдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида саноат кластерлари тизими ривожлантирилади. Илм-фанни ривожлантириш асосида саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурлари ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Рақамли иқтисодиёт асосий «драйвер» соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар ошириш белгиланган. Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажми 5 марта, уларнинг экспорти 10 марта оширилиб, 500 миллион долларга етказилиши режалаштирилмоқда.

«Ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархларда юқори тезликдаги Интернетга уланади, магистрал автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва Интернет билан қамраб олинади. Халқаро магистрал Интернет тезлиги — 5 баробар, туманлараро тармоқлар тезлиги — 8 баробар оширилади.»

Стратегияга мувофиқ, 2022 йил якунига қадар «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида барча давлат органларида иш юритиш ва аҳоли билан ҳужжат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Электрон шаклдаги давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилиши, жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларидан 100 тасини хусусий секторга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Иқтисодиётда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилиши белгиланган. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

Маълум қилинишича, 2022 йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ёки 1,5−2 триллион сўм маблағ «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланади.

Шунингдек, янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслигини таъминлаш режалаштирилмоқда. Капитал олиб кириши бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай шароитлар яратиш ва фонд бозори ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

«Хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш Стратегияси қабул қилиниб, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш чоралари кўрилади. Давлат-хусусий шериклик асосида транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб этилади», — дейилади дастурда.

Дастурда белгиланишича, 2022 йилдан асосий воситалар амортизациясига солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилади. Ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш учун Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади.

Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини 1,7 баробар ошириш ва 2026 йилда 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробарга ошириш белгиланган. Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида 2 мингдан зиёд турдаги тайёр маҳсулот экспорт қилиниши йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.

«„Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти“ ғояси асосида 200 та экспортчи очиқ танлов асосида сараланиб, улар етакчи экспортёрларга айлантирилади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади».

Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспорт бўйича эса 60 фоизга етказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилиши белгиланган.

«Энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади. 2026 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт соатга оширилиб, жами 100 миллиард киловатт соатга етказилади», — дейилади дастурда.

«Яшил иқтисодиёт» технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этилиб, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш устувор вазифа сифатида эътироф етилган. Бунинг учун қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро-электростанциялар ишга туширилиб, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ ресурсларини тежаш кўзда тутилган.

2022 йилда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўналишларида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

«Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

«Йирик корхоналарда касбий таълим марказларини ташкил этиш, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, нефть-кимё, электротехника каби етакчи соҳаларда хўжалик бирлашмалари ва лойиҳа институтлари билан биргаликда малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш чораларини кўрамиз» — дейилади дастурда.

Иккинчи йўналиш. Фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак воситасида камбағалликни қисқартириш

2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида шакллантирилган 7 та йўналиш бўйича 60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни назарда тутувчи дастур амалга оширилади.

«2022 йилдан бошлаб корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилиб, тадбиркорлар ихтиёрида 500 миллиард сўм маблағ қолдирилади. 2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бирлаштирилиб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади».

Шунингдек, банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши режалаштирилмоқда.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари сингари 25 та фаолият тури бўйича монополия тугатилиб, ушбу соҳаларда тадбиркорлар учун кенг йўл очилиши режалаштирилмоқда.

Ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш белгиланган. Касбга ўқитиш кўлами 2 баробар оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

«Норасмий секторда ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади», — дейилади дастурда.

Ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробар ошириш ва 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Дастурга мувофиқ, жамиятда аёлларнинг мавқеини оширишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади.

Жумладан, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш назарда тутилган.

Қад этилишича, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади. Эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари ҳар йили ошириб борилади ва 2026 йилга қадар 6 мингтага етказилади. Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилиши режалаштирилган.

«Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси 60 фоиздан 100 фоизга етказилиб, уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади. Базавий пенсия ҳажмини ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори 10 баробардан 12 баробаргача кўпайтирилади».

Шунингдек, уй-жойга муҳтож фуқароларга турар жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи Миллий дастур ишлаб чиқилиб, амалга тадбиқ этиш режалаштирилмоқда

Учинчи йўналиш. Қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш

Қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадларини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Жумладан, келгусида қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам берилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш кўзда тутилган.

«Давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади», — дейилади дастурда.

Қайд этилишича, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, уларни аҳолига очиқ танлов асосида 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага бериш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Интенсив боғлар 3 марта ва иссиқхоналар 2 марта кўпайтирилиб, экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имконини яратиш кўзда тутилган.

Илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, ҳудудларда агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

«Уруғчилик, кўчат етиштириш ва чорва моллари зотларини яхшилаш бўйича миллий дастур амалга оширилади. Юқори ҳосил берадиган ғўза ва ғалла навларини четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга босқичма-босқич рухсат этилади», — дейилади дастурда.

Шунингдек, нуфузли халқаро илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Чорва учун озуқабоп экинлар майдонини икки баробардан зиёд ошириб, 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, 11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаб, ҳосилдорлигини ошириш чоралари кўрилади. Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 1,5−2 марта кўпайтирилади.

Сув ресурсларини бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилинади ва йилига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастури амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун келгуси беш йилда 2 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Тўртинчи йўналиш. Сифатли таълим — инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили

Узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Мактабгача таълимдаги қамров даражаси 80 фоизга етказилиб, 7 мингдан зиёд янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олиниши кўзда тутилган.

Дастурга мувофиқ, мактабгача таълим тизими ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич ошириб борилади.

«Янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш ва таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади».

Олий таълим тизимида қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қарийб 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, давлат олий таълим муассасалари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилади ва улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизга туширилади.

Дастурга кўра, 2026 йилгача хусусий олий таълим ташкилотлари сони камида 50 тага етказилиб, уларда таълим олаётган талабаларга ҳам 7 йиллик таълим кредитини олиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ёшларни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 марта оширилади.

Таълимнинг барча босқичидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

Қайд этилишича, докторантурага қабул давлат буюртмаси ва манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов грантлари асосида жорий этилади.

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари — Миллий олимпиада тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Бешинчи йўналиш. Аҳоли саломатлигини сақлаш

Соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва ўртача умр кўриш даражасини ошириш муҳим вазифа сифатида эътироф этилган.

Тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш кўзда тутилмоқда.

Дастурга мувофиқ, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиб, биринчи босқичда 46 та туманлараро перинатал марказлар барпо этилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил этилади.

Тиббий хизматларда хусусий секторнинг улуши 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Дастурда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси трансформация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг хорижда тизимли малака ошириши йўлга қўйилиши белгиланган.

Мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситалари уларнинг умумий ҳажмида 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Санитария-эпидемиология хизматининг халқаро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Олтинчи йўналиш. Ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш

Дастурда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Қайд этилишича, туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик ҳудудий дастурлар амалга оширилади.

Ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун урбанизация сиёсатини янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

«18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳарлар ўртасида транспорт-логистика тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари амалга оширилади. Реновация дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилади, 275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратилади».

Дастурда қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар, туман ва овулларини комплекс тарзда ривожлантиришга ҳар қачонгидан ҳам устувор эътибор қаратилади.

Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш борасидаги ишларни давом эттирган ҳолда, жамоат транспорти тизими тубдан қайта кўриб чиқилади, 3 минг километр ички йўллар янгиланади ва 10 та замонавий кўприк қурилиши режалаштирилмоқда.

«Кўкаламзорлаштириш даражаси 30 фоизга етказилиб, 9 та жамоат парки, 20 та хиёбон, 250 километр велосипед ва пиёдалар йўлакчалари қурилади. Оқова сувини тозалаш тизими шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқарилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотлар барпо этилади» — дейилади дастурда.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудларнинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилмоқда.

Дастурга мувофиқ, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 87 фоизга етказилади. Маиший чиқиндиларни йиғиш 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражаси 21 фоиздан 50 фоизга етказилади.

2026 йилда Ўзбекистонга келадиган хорижий туристлар сонини 9 миллионга етказиш режалаштирилмоқда.

Дастурда Самарқанд халқаро аэропорти йирик транспорт хабига айлантирилиб, «Абадий шаҳар» тарихий мажмуасини ўз ичига олган «Самарқанд туризм маркази» ташкил этилиши белгиланган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

Шунингдек, мамлакатдаги 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури қабул қилинади.

2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сони 2 баробар оширилиб, 520 минг нафарга етказилиши кўзда тутилмоқда. Республикада туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 1 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, транспорт соҳасида Тошкент ва йирик шаҳарлар ўртасида кунлик қатновлар бўйича узоғи билан 6−7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имкониятини яратилади.

Темир йўлларни электрлаштириш даражаси 40 фоиздан 60 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, юк ташиш харажатлари камида 30 фоизга камайтирилади, транзит ҳажми эса 15 миллион тоннага етказилади.

Хонадон, кўча, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларда йўл бўйлари ва дала четларига ҳар йили камида 200 миллион туп дарахтлар экиш, ҳудудларимиз иқлимига мос кўчатларни етиштириш, суғориш ҳамда парвариш қилиш тизими асосида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Дастурга мувофиқ, дарахтларни ноқонуний кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниб, парклар ва «яшил зоналар» ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатишга қатъий тақиқ ўрнатилиши кўзда тутилган.

Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этилиб, уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Оролбўйида халқаро «Яшил иқлим» ва «Глобал экологик жамғарма"ларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилган.

Еттинчи йўналиш. Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат

«Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадорликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини шакллантириш муҳим вазифамиз бўлади», — дейилади дастурда.

Маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг том маънодаги таянч бўғинига айлантириш мақсадида, тизимнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, молиялаштириш манбалари ва тартиби такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.

Туман, шаҳар ҳамда вилоят даражасида вакиллик ва ижро ҳокимияти тизимини қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида камида 2−3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли Кенгашда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилиши амалиёти йўлга қўйилади.

2022 йилдан эксперимент тариқасида 28 та туман ва шаҳарда ҳудудни ривожлантириш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳокимликларнинг ваколат ва имкониятлари кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда.

«2022 йилдан бошлаб боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган маблағларни тақсимлаш ваколати вилоятларга берилади».

Барча бўғиндаги ижро идоралари раҳбарлари бир йиллик иш дастури ва амалга оширадиган лойиҳаларини жамоатчиликка очиқ эълон қилиб борадиган тизимни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Дастурда рақамлаштириш ва қатор функцияларни хусусий секторга бериш ҳисобидан давлат органлари амалдаги штатлари қисқартириб борилиши белгиланган.

Кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилиниши, узлуксиз малака ошириш, самарадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича ўсишнинг аниқ мезонлари белгиланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича талаблар қайта кўриб чиқилади.

«Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, „Обод қишлоқ“, „Обод маҳалла“, ҳудудий инфратузилма дастурлари доирасидаги лойиҳалар очиқ эълон қилиниб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиладиган тизим» яратилиши режалаштирилмоқда.

Субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2 баробар оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, дастурга мувофиқ оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақоми оширилиб, «Халқчил давлат» миллий дастури қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

«Ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини ўрганиш асосида „Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепцияси“ ишлаб чиқилади».

Саккизинчи йўналиш. Адолат ва қонун устуворлиги

«Одил судлов, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқлари олий қадрият сифатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг асосий мазмуни бўлади», — дейилади дастурда.

Дастурда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш доирасида маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш режалаштирилган.

Фуқаро ва тадбиркорларнинг овора бўлишига чек қўйиш мақсадида, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза «ягона дарча» асосида қабул қилиниб, ваколатли суд томонидан ҳал этилиши учун зарур имкониятларни яратиш кўзда тутилмоқда.

«Прокуратура фаолиятини фуқароларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришни устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараймиз. „Қонун — устувор, жазо — муқаррар“ тамойили прокуратура органлари фаолиятининг бош мезони бўлади», — дея таъкидланган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

Ички ишлар органларини халққа ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттирилиши режалаштирилмоқда.

Тизимда ходимларнинг ўз хизмат бурчига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш мақсадида «Касбий маданият кодекси» қабул қилиниши кўзда тутилмоқда.

Либераллаштириш сиёсатининг мантиқий давоми сифатида ўз аҳамиятини йўқотган 10 га яқин қилмишларни жиноят тоифасидан чиқариш ва жазони енгиллаштирадиган ҳолатлар сонини амалдаги 9 тадан 15 тагача кўпайтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, гумон билан ушлаб турилган шахсларни ҳисобга олишнинг ягона электрон реестри яратилиб, маълумотлар реестрга киритилмаган ҳолларда ушлаб туриш ноқонуний деб топилиши бўйича тартиб жорий этилади.

Дастурга кўра, «коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини» сафарбар этилади. Хусусан, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулки ҳақидаги маълумотларни декларация қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Маълум қилинишича, коррупцияга йўл қўйган шахсларнинг очиқ реестри юритилиб, уларнинг давлат хизматига кириши, масъул лавозимларга номзоди кўрсатилиши чекланади.

«Давлат ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам нафақат жиноят ишлари бўйича, балки фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам кўрсатиладиган тизимни жорий этамиз. Адвокатура соҳасига ёш кадрларни жалб этиш мақсадида юридик стаж ҳақидаги талаб бекор қилинади», — дея қайд этилган.

Тўққизинчи йўналиш. Хавфсизлик ва очиқ, прагматик фаол ташқи сиёсат

Ташқи сиёсатда мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, чуқур ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ ва манзилли ишларни давом эттириш кўзда тутилган.

Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги, имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан:

  • ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими янада кучайтирилади;
  • чегаралар хавфсизлиги янада мустаҳкамланади;
  • ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ҳар томонлама кучайтирилади.

Дастурга мувофиқ, тизимли ва пухта ўйланган, прагматик ташқи сиёсий ва иқтисодий дипломатияни фаол давом эттирилиши кўзда тутилмоқда.

«Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилиб, унда қуйидаги масалаларга алоҳида урғу берилади:

  • ўзаро савдо айланмаси ҳажмини камида 2 баробар ошириш;
  • саноатда қўшимча қиймат яратиш бўйича яхлит занжирларни ва кооперацияни мустаҳкамлаш;
  • транспорт соҳасида ташқи савдо учун «яшил коридорлар» ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш;
  • халқ дипломатияси тамойилини, жумладан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кучайтириш".

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

«Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз», — дейилади дастурда.

«Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик лойиҳалар ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Дастурга кўра, асосий вазифаси хорижий мамлакатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўнинчи йўналиш. Маданий-маънавий тараққиёт

Маънавий-ахлоқий қадриятларни давр талабларига мос равишда бойитиш ва ривожлантириш, шу орқали жамиятнинг маданий-маърифий юксалишига эришишга қаратилган «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Дастурга мувофиқ, «аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини кучайтириш бўйича» чора-тадбирлари кучайтирилиши назарда тутилади.

Қайд этилишича, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт ва бадиий ижод соҳаларининг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва таъсирини янада оширишга қаратилган дастурларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Фото: Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизмати

«Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, аҳолини турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари бундан буён ҳам устувор"лик берилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Янги Ўзбекистон стратегияси жамоатчилик томонидан билдириладиган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар асосида янада бойитилиши қайд этилган.