Навоий вилояти Кармана тумани халқ таълими бўлими мансабдорлари Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти топшириғига кўра ишдан олинди. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Навоий вилояти Кармана тумани ХТБ Халқ таълими вазирлигининг топшириғига зид равишда чет тили ўқитувчиларига дарслик сотиб олиши учун тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида берган. Шунингдек, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлган.

Президент қарорига кўра, бу пуллар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун берилган. Бироқ, республика бўйлаб чет тили фани ўқитувчиларининг шахсий пластик карталарига ушбу маблағлар тушириб берилиши лозим эди.

Вазирлик топшириғига кўра, ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганиб чиқилган.

«Шу боис Халқ таълими вазирлигининг бир неча бор мазкур ҳолат юзасидан огоҳлантиришига қарамай ушбу ҳолатга йўл қўйганлиги учун Кармана тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи ўз вазифасидан озод этилди. Кармана тумани ХТБнинг бош ҳисобчиси ва хорижий тиллар методистини лавозимидан озод этиш юзасидан вазирлик раҳбарияти томонидан топшириқ берилди», — дейилади хабарда.

Вазирлик юқоридаги каби ҳолатлар қайтарилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда кескин ва аёвсиз чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган.