21 декабрь куни «Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» доирасида республика бўйлаб 40 та энг истиқболли дея топилган стартап лойиҳаларнинг ҳар бирига 50 млн сўмдан берилди. Бу ҳақда форум доирасида «Стартап ташаббуслари» ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури 5-даврининг Demo day якуний тадбирида эълон қилинди.


Маълум бўлишича, ушбу дастурда иштирок этиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 905 та ариза келиб тушган, бу аввалги даврга нисбатан 38 фоизга кўпроқ экани айтилди. Лойиҳаларда иштирок этаётган ёшларнинг умумий сони жамоа аъзоларини ҳисобга олган ҳолда 1972 нафарни ташкил топди, шундан 559 нафари қизлар ҳисобланади. Қабул қилинган аризаларни ўрганиш асосида экспертлар жамоаси 601 та лойиҳани танлаб олди ва бу лойиҳалар билан Zoom дастури ёрдамида онлайн интервью ўтказилди.

Суҳбат натижаларига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 247 та жамоа таълим дастурида қатнашиш имкониятига эга бўлган. Унда иштирокчилар стартапларни ишга тушириш асосларини ўрганишган, малакали экспертлар, муваффақиятли тадбиркорлар маҳорат дарслари ва маслаҳатларида қатнашган ҳамда Accelerator.uz платформаси орқали лойиҳаларини такомиллаштирган.


92 та жамоа акселерация дастурининг финал босқичига муваффақиятли ўтди ва ўз лойиҳаларини мутахассисларга онлайн тарзда тақдим этиш имкониятига эга бўлди. Мутахассислар гуруҳи «Ўзбекистон ёшлар форуми-2021» доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигининг биносида 21 декабрь кунги якуний тадбирда республика бўйлаб 40 та энг истиқболли стартап лойиҳаларини (ҳар бир вилоятдан 2 тадан 5 тагача) ғолиб бўлиш учун танлаб олди.


Ғолибларга «Ёшлар-келажагимиз» жамғармаси томонидан 1 млрд сўм, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси томонидан эса 100 минг доллар миқдорида мақсадли грант маблағлари ажратилди. Demo Day маърузачилари, шунингдек, C-Space ва Ground Zero коворкинг марказларидан бепул йўлланмалар тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 18 — 25 декабрь кунлари «Ўзбекистон ёшлари форуми-2021» бўлиб ўтиши ҳақида маълум қилинганди.