Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси «Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш» лойиҳаси бўйича тегдерда ғолиб бўлди. 23 декабрь куни тендер натижаларини эълон қилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Тендернинг 1-босқичида лойиҳага қизиқиш билдирган 23 та хорижий компанияга дастлабки малакани баҳолаш (RFQ) шартлари юборилди. Жараённинг 2-босқичида Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси ҳамда Нидерландиянинг Almar Water Solutions BV консорциум компанияси иштирок этди.

Таклиф этилган молиявий таклифларга кўра, эркин фойдаланганлик учун Metito Utilities Limited компанияси томонидан 97,5 млрд сўм ва «Almar Water Solutions BV» консорциум компанияси томонидан 103,1 млрд сўм таклифи билдирди.

20 декабрь куни мазкур лойиҳа бўйича идоралараро тендер комиссияси томонидан Metito Utilities Limited компанияси молиявий таклифлар бўйича йиллик эркин фойдаланганлик учун тўловнинг энг паст нархини, яъни йиллик тўлов 9 млн доллар таклиф этган ва халқаро тендер ғолиби дея топилган.

Лойиҳанинг қиймати 90 млн долларга баҳоланмоқда. Шартнома муддати эса 25 йил, шундан дастлабки 2 йили қурилиш даври этиб белгиланди. Лойиҳа доирасида қуввати суткасига 100 минг метр куб оқова сувларини тозалашга мўлжалланган иншоотни ва 7,5 км узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш назарда тутилган.

Metito Utilities Limited компаниясининг асосий акциядорлари Халқаро молия корпорацияси (IFC), Япониянинг Mitsubishi корпорацияси ва унинг шўба корхонаси Mitsubishi Heavy Industries ҳисобланади.