Футбол бўйича Италия А Сериясининг 19-турида Элдор Шомуродов тўп сурадиган «Рома» клуби ўз уйида «Сампдория»ни қабул қилди. Ўйин Sport телеканали орқали жонли эфирга узатилган.

67-дақиқада захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов орадан 5 дақиқа вақт ўтиб «Сампдория» дарвозасига киритилган ягона голга муаллифлик қилди. У жарима майдончасидан дарвозага 2 марта зарба йўллашга уринди. Ҳимоячилар уни қайтаришди, Шома учинчи зарбани муваффақиятли амалга оширди ва яқин бурчакни нишонга олди.

80 дақиқада эса ҳисоб тенглашди. «Сампдория» ҳужумчиси Маноло Габбьядини бурчкдан берилган зарбадан сўнг, гол киритди.

Футбол шарҳловчиси Даврон Файзиевнинг ёзишича, «бу Романинг 2021 йилдаги охирги ўйини эди ва Шома уни гол билан чиройли тугатаётгани жуда муҳим».

Мазкур учрашувдан сўнг, А Серия турнир жадвалида ромаликлар 1 поғона пастлаб, 32 очко билан 6-ўринда бормоқда. «Сампдория»да эса 20 очко бор. У 14-ўринни банд қилган.

Бу Шоманинг «Рома» сафида жорий мавсумда киритган 15 та ўйиндаги иккинчи голи бўлди. Бундан ташқари, унда 3 та голли узатма мавжуд.