20 декабрь куни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Ховос туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ОТБнинг 7 млн доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини таъкидлаганди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ мазкур хабарни рад этиб, ўзининг муносабатини билдирди.

Қайд этилишича, 2016 йил 23 август куни «Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган.

Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг «Алке Инсаат Санайи ве Тисарет» компанияси ғолиб деб топилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 млн 310 минг АҚШ доллари ажратилган.

«Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 млн 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 млн 060 минг доллар ажратилган», — дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, «ушбу маблағлар талон-тарож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган».

«Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи „Мега-Мебико“ қўшма корхонаси билан биргаликда „Сирғали“ сув иншоотидан Ховос туманининг „Оқчангал“ аҳоли яшаш пунктигача 28 км масофага диаметри 700 мм бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди», — дейилади хабарда.

Бироқ, бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлгани айтилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда шиша толали қувурларни полиетилен қувурларга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мазкур объект «Ўзсувтаъминот» балансида турмаётганлигига қарамасдан, акциядорлик жамияти мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда.

Қолаверса, жамият пудратчи ва қурувчи ташкилотларга қувурлардаги ҳаво чиқариш ускуналарини янгисига алмаштириш ишларида амалий ёрдам кўрсатиб келаётгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, айни пайтда мазкур ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.