20 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тадбиркорлардан келиб тушган 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар асосида дастур ишлаб чиқилган. Дастурга мувофиқ, келгусида мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган чора-тадбирлар 7 та йўналиш асосида амалга оширилади.

«Газета.uz» ушбу учрашувда 7 та йўналиш бўйича эълон қилинган барча ўзгаришларни ўтказиб юбормаслигингиз учун уларни сизга тақдим этади.

Тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш йўналишида

Кредитлар бўйича ставкалар пасаяди, валюта хатарлари суғурталанади

Банкларнинг капиталини ошириш мақсадида 2022 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 млн доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банк ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30% қўшимча ресурслар жалб қилади. Жумладан, банклар томонидан 2022 йилда халқаро молия бозорларида миллий валютада 5 трлн сўмлик евробондлар чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларнинг кириб келиши учун кенг имкониятлар яратилади.

Банклар четдан ресурсни қайси валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта — сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. «Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади», — дея таъкидлади президент.

Бундан буён ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

1 октябрдан бошлаб, илгари 1 млн долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 млрд долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

Юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30−40 трлн сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5% арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Инфляция даражасини 2021 йилда 10% га, келгуси икки йилда 5% га тушириш режалаштирилган. Бу, ўз навбатида, кредит фоиз ставкаларининг сунъий пасайтирилиши натижасида пул бозоридаги мувозанат бузилиши хавфини камайтириб, табиий равишда кредит ставкаларини мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради.

Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида онлайн платформа яратилади. Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш-сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда, онлайн ҳал этилади. Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам камида 10 трлн сўмлик бозор яратади.

Бу борада, маҳаллабай иш ташкил этиш бўйича «Андижон тажрибаси»ни бутун мамлакат бўйлаб кенг қўллаш лозим бўлади.

Микромолия ташкилотларини лицензиялаш бекор қилинади

Бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида нобанк кредит ташкилотларини очиш ва юритишга қўйиладиган мавжуд талаблар енгиллаштирилади.

1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди, улар фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя. Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.

Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 млн сўм) ва микролизинг (600 млн сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.

Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳамда банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколати берилади.

Ушбу янги имкониятлар ҳисобидан кредит бозорида тадбиркорлар учун йилига қўшимча 10 трлн сўм маблағ шаклланади.

Солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш йўналишида

2020 йил февраль ойида «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.

Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хом ашё импорт божидан озод этилади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ҚҚСнинг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Ушбу тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.

Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.

Норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади. Бунинг ҳисобига, 1,5 мингга яқин корхоналар ихтиёрида йилига 500 млрд сўм маблағ қолади.

Жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади. Бу қўшимча 30 млрд сўм корхоналар ихтиёрида қолишини англатади. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 млрд сўм қарзлари муддатлари 2021 йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.

Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилинади. Бунинг натижасида 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 млрд сўм қолади.

Ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларига жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланилган 6 трлн сўмлик жарималарни ундириш 2021 йил якунига қадар тўхтатилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди. Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўлиқ бекор қилинади.

2022 йилдан ҚҚСни қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартиби амалиётга жорий этилади.

2022 йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади. Яъни, солиқ идораларида мавжуд қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади.

Ер ажратиш, сотиш ва хусусийлаштириб беришда очиқлик тамойилларига амал қилиш ҳамда тадбиркорларнинг ерга бўлган мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш йўналишида

Президент 19 августда айни шу масалалар тартибларини кўзда тутувчи қонунни имзолаганлигини айтиб ўтди.

Унга мувофиқ, барча ерлар 2 та тоифага — қишлоқ хўжалиги ерлари ва ноқишлоқ ерларига ажратилди.

Қишлоқ хўжалиги ерлари очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади. Бу танловда деҳқон, фермер, агрофирма ва кластерлар тенг шартларда иштирок этадилар.

Ноқишлоқ ер майдонлари фақат аукцион орқали сотилади. Бундан буён ер майдонлари фақат очиқ аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади.

Тадбиркорларга ўз корхонаси жойлашган ер майдони мулк қилиб эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида расмийлаштириб берилади. Бу ерни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Бунда, ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади. Бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан буён давлат мулки объектлари, улар жойлашган ер билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотилади. Бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қиладилар.

Тасдиқланган дастурга қўшимча равишда йил якунига қадар яна 500 та давлат активлари очиқ савдога чиқарилади.

Бундан кейин янги ер майдонларини аукционга чиқаришдан олдин, ҳудуд ривожланишининг аниқ режаси тузиб олинади.

Ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилади ва ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

1 ноябрга қадар ҳар бир ҳудудда камида мингтадан ер майдони сотувга чиқарилади. Шунингдек, магистрал йўллар бўйида, лойиҳа асосида, ҳар бир ҳудуддан камида 200 тадан ер майдони аукционга қўйилади.

Тадбиркорлик фаолиятини инфратузилма билан таъминлаш йўналишида

2022 йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 млрд сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади.

Келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади.

Ушбу мақсадлар учун, 2022 йилда бюджетдан 2 трлн сўм маблағ ажратилади.

2021 йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр тармоқларни янгилаш ишлари якунига етказилади.

2021 йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.

2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари 4 минг 400 Мегаваттга оширилади.

2022 йил бошидан Энергетика вазирлиги томонидан электр тармоқларига уланишнинг янги, қулай тизим жорий этилади. Бунда электр тармоғига уланиш тўлиқ электрон платформага ўтказилади ва барча жараёнлар бир босқичга туширилади.

Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун — 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди. Ушбу ишлар Давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этилиб, мунтазам назорат қилиб борилади.

Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб қилиш йўналишида

1 октябрдан экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли экспортёрларига нисбатан татбиқ этилади.

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан йилига 20 млн доллардан ортиқ экспорт қилувчи корхоналарга 5 млн долларгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Юқори сифат ва назорат тизимига эга Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиёти бекор қилинади.

Хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкалари пасайтирилади.

Транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш йўналишида

2021 йил якунига қадар транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш, транспорт харажатларини қисман қоплаш тизими орқали 3 мингдан зиёд экспортёр корхоналар экспорт ҳажми 2 млрд долларга етказилади.

Юк автомобилларини олиб кириш учун берилган божхона имтиёзлари яна 3 йилга узайтирилди.

Темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқилади. Бунда, тадбиркорларга мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25% арзон бўлади.

Транспорт вазирлиги 2022 йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради.

2022 йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади. Бунда, давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади.

Шунинг учун, хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади.

Тадбиркорликка оид тартиб-таомилларни соддалаштириш йўналишида

2022 йил 1 январдан, субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар «ягона дарча» тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2−3 бараварга қисқартирилади.

2022 йилдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар «онлайн» тарзда расмийлаштирилади. 2021 йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30% га қисқартирилади.

1 ноябрдан барча техник талабларга тўла жавоб берадиган, замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинади. Бунда маҳсулот сифатини таъминлаш, уни ягона стандартлар ва хавфсизлик талабларига тўла жавоб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида адолат мезонлари ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинг розилиги билан, барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилади.

Маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 млрд сўм қарздорлигини инобатга олган ҳолда, 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилади.


Бундан ташқари, президент 20 августни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилишни таклиф этди.

Шунингдек, давлат раҳбари темир йўл юкларини ташиш соҳасидаги монополияни танқид қилиб, «Ўзбекистон темир йўллари» раисига монополияни бартараф этиш тўғрисида топшириқ берди.