Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев аввалроқ пул етишмаслиги сабабли киракашлик қилишга мажбур бўлганини айтиб ўтди. Бу ҳақда амалдор Тошкент ёшлар форуми — 2021 доирасида ёшлар билан мулоқотда таъкидлаб ўтган.

«2007 йилда Меҳнат вазирлигида етакчи мутахассис сифатида иш бошладим. 2007−2009 йилларда ишдан сўнг, кечки пайт пулим етмагани учун қизил Tico русумли автомашинамда кира қилардим. Ҳозир бир эмас икки нафар ҳайдовчим бор. Тошкентни улардан яхшироқ биламан. Лекин ҳамма шундай қилиши керак, демоқчи эмасман. Балки бу нотўғри ҳамдир», — деди Шерзод Кудбиев ёшлар билан учрашувда. ‌

Эслатиб ўтамиз, Шерзод Кудбиев 2020 йил май ойи ўрталарида Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланган эди.

Маълумот учун, Шерзод Кудбиев (1981 й. т.) Фарғона политехника институтини тамомлаган (мутахассислиги — молия ва кредит). Вазир бўлишига қадар Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 2015−2016 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.