Ғафур Ғулом боғини 49 йилга ижарага олган Сингапурнинг BMP Smart Decision компанияси инвесторлик мажбуриятларини бажармади. Бу ҳақда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (видео) маълум қилди.

Боғнинг ҳозирги аҳволи ҳақидаги саволни юқори палата раиси Танзила Нарбаева берди.

Пойтахт ҳокими Ғафур Ғулом боғи 2 йил аввал инвесторга берилганини таъкидлади.

«Бизга ва президентга тақдим этилган лойиҳа бўйича келишувга асосан ҳеч қайси дарахтга тегилмасдан, соҳил ҳудудларини қолдириш ва реконструкция қилиш ҳамда қўшимча янги аттракционларни ўрнатиши кўрсатилган. Лекин, бир йилдан ошди тадбиркор ўзига қўйилган вазифаларни бажармади. Буни қайта кўриб чиқишни таклиф қиламан. Уни қайта кўриб чиқамиз», — деди ҳоким.

Шунга қарамасдан, сенатор Баҳодир Тожиев қурилиш ишлари сабаб кўплаб дарахтлар кесиб ташланаётганини айтди. Бундан ташқари, қурилиш туфайли суғориш тизими зарар кўриб, бунинг натижасида дарахтларнинг қуриб қолиши ва касалликлари сони ортаётгани таъкидланди. Мисол учун Чилонзор туманидаги Ғофур Ғулом боғида 15 туп дарахт, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35 туп дарахт қуриб қолган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги 670-ф-сонли фармойиши ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 15 августдаги қарори (иккала ҳужжат ҳам очиқ маълумотлар базаларида мавжуд эмас) асосида Ғафур Ғулом парки BMP Smart Decision компаниясига ижарага берилганди. Компания инвестиция мажбуриятлари қаторида модернизация қилиш ва «жаҳон стандартларига жавоб берадиган» замонавий боғ барпо этиши лозим эди.

Очиқ маълумотларга кўра, BMP Smart Decision компанияси 2019 йил 13 февраль куни устав фонди 1000 сингапур доллари (729 доллар атрофида) билан рўйхатдан ўтказилган.
Асосий фаолият тури — бошқа қурилиш объектларини, (ўйин мажмуалари), иккинчи даражали фаолияти эса — мавзули боғларни бунёд этишдан иборат. Сингапур компанияси асосчиси Яккасарой туманида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Шерзод Халимов бўлиб чиқди.

Тошкент ҳокимлиги яна бир бор Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи фуқаролар дам олиш жойи сифатида яшил зона бўлиб қолишини таъкидлади. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг ўрнида турар-жой мажмуаси ёки бизнес-марказ қурилади, деган гап-сўзлар тарқалган эди.

Аввалроқ, 2019 йил сентябрь ойида ҳокимият объектни инвесторга топшириш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, Ғафур Ғулом боғи реконструкция қилинганидан кейин «жамоат учун» бўлиб қолишини, тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришини ва «битта дарахтга тегилмаслигини» айтган эди.