Қўйлиқ деҳқон бозори ва улгуржи савдо бозори бузилишига норозилик билдириб йўлни тўсиб қўйган тадбиркорларнинг 5 нафари маъмурий қамоққа олинди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу маълумотни тасдиқлади.

9 декабрь куни бозор кўчирилиши ҳақидаги хабарлар ортидан интернетда Қўйлиқ бозори автотураргоҳига машиналар киритилмаётгани акс этган видеолар тарқалди. Лавҳаларда бир гуруҳ одамлар бозор олдидаги йўлни тўсишга уринаётганини кўриш мумкин.

Бундан сўнг, вазиятга ички ишлар ходимлари аралашган ва ҳолат бартараф этилган. Шу билан бирга, йўлни тўсган фуқаролардан 5 нафари қамоққа олинган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан қамоққа олинган 5 нафар фуқаро МЖТКнинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) бўйича ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шунингдек, ушбу фуқаролар иши Бектемир туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган ва уларга 5−7 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ, «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари бошқа жойга кўчирилиши ҳақида маълум қилинган эди. Бу Тошкент ҳалқа йўлини кенгайтириш ва мазкур ҳудудда кўприк қуриш ишлари билан боғлиқ экани айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилиши хабар қилинганди. Ушбу бозорда озиқ-овқат савдоси билан шуғулланган тадбиркорлар марказ ҳудудига ўзлари хоҳлаб мурожаат қилган. Бундан ташқари, савдо марказининг веб саҳифасидаги номланиши ҳам «FOODCITY Янги Қўйлиқ деҳқон бозори»га ўзгартирилган.

Бозор ишчиларининг Kun.uz`га берган интервьюсида бозор кўчирилиши мижозлар йўқотилиши ва савдо-сотиқнинг тушиб кетиши, айниқса, қишлоқ хўжалиги фаол сотилаётган мавсум даврида бу салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.

Улар жуда юқори ижара нархидан ва биноларнинг майдонлари кичиклиги сабаб маҳсулотларни сақлаш учун етарлича жой мавжуд эмаслигидан, шунингдек, автобус ва метро йўналишларининг етишмаслиги туфайли бозорга етиб олишда қийинчиликлар туғулишидан шикоят қилган. Савдогарларнинг фикрича, кўчирилиш туфайли кўпчилик даромадини йўқотади ва маҳсулот нархи ошиб кетади.