Дунё бўйлаб қамоқхоналардаги журналистлар сони 2021 йилда рекорд даражага етди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚ) ҳисоботига кўра, декабрь ойи бошидаги ҳолатга кўра, 293 нафар ОАВ ходимлари ҳибсда сақланмоқда.

Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, энг кўп қамоққа олинган журналистлар Хитойда — 50 та. Ундан кейинги ўринларда Мьянма — 26, Миср — 25, Вьетнам — 23, Беларус — 19. Биринчи ўнликка Туркия (18), Эритрея (16), Саудия Арабистони (14), Россия (14) ва Эрон (11) кирган. Ўзбекистонда қўмита ҳисоб-китобларига кўра, қамоқда 2 нафар журналист — Элёрбек Тожибоев ва Отабек Саторий бор.

«Кетма-кет олтинчи йилдирки, ЖҲҚ бутун дунё бўйлаб қамоққа олинган журналистлар сонини рекорд даражада қайд этмоқда. Бу рақам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган иккита муаммони акс эттиради: ҳукуматлар ахборотни назорат қилиш ва бошқаришга қатъий қарор қилганини ҳамда улар ўз саъй-ҳаракатларида янада кўпроқ сурбетликка йўл қўяётганини. Журналистларни янгиликлар ҳақидаги репортажлари учун қамоққа олиш — авторитар режимнинг ўзига хос белгисидир», — деди ЖҲҚ ижрочи директори Жоэл Саймон.

Қўмита қайд этишича, журналистларга нисбатан «давлатга қарши» айблови энг кенг тарқалган айблов бўлиб қолмоқда. Бу йил ташкилот, шунингдек, кибержиноятда айбланган камида 17 нафар қамоққа олинган журналистларнинг ишини ҳужжатлаштирди. Баъзи ҳолларда интернетда ҳар қандай нашр этилган ёки маълумот тарқатганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, ЖҲҚ 24 журналистнинг ўлдирилишини ҳужжатлар билан тасдиқлади. 2021 йилда ўз меҳнати учун ўч олиш мақсадида ўлдирилган журналистларнинг энг кўпи — Ҳиндистонда (4 нафар) рўйхатга олинган. Мексика журналистлар учун энг хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда, дея қўшимча қилади қўмита. Жорий йилда мамлакатда 3 нафар матбуот ходими ўз репортажлари учун ўлдирилган, яна олтита қотиллик бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.