Президент 9 декабрь куни оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 10 декабрдан кучга кирди.

Адлия вазирлигининг ёзишича, ҳужжат билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунига қўшимчалар киритилди.

Эндиликда фуқаролар йиғини хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд бундай ишларга мойил бўлган шахсларни аниқлаш ишларида иштирок этади. Шунингдек, бу мазкур шахслар билан олиб бориладиган профилактика ишларига ҳам тегишли.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раисига тазйиқ ва зўравонликка учраган ҳамда бу ҳақда мурожаат қилган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш ваколати берилмоқда. Улар ушбу фактлар тўғрисида аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига ҳамда ички ишлар органларига зудлик билан хабар бериши мумкин.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, меҳнат органлари оилавий муаммоларга ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтиришга кўмаклашади.

Қолаверса, соғлиқни сақлаш органлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ва уларнинг болаларига бирламчи тиббий ёрдам берилади ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни бепул даволаш чоралари кўрилади.