80 дан ортиқ давлатдан минглаб одамлар, жумладан, уларнинг оилалари БМТ томонидан террорчилик гуруҳи деб таърифланган ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳларга қўшилиш учун Сурия ва Ироққа йўл олди. Баъзи оила аъзолари ихтиёрий равишда уларга қўшилишган бўлса-да, бошқалари мажбуран, манипуляция қилинган ёки оила аъзолари билан саёҳат қилишга ёки уларга эргашишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, Сурия ва Ироқдаги можароларда чет эллик ота-оналардан минглаб болалар дунёга келди. БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) қуролли можаро ҳудудларидан репатриация қилинган болаларнинг ҳикояларини эълон қилди. Шахсни ҳимоя қилиш учун уларнинг исмлари ўзгартирилди.

«Ота-онам Мисрда тикувчилик фабрикаси очди, синглим билан мен араб тили ва ахборот технологиялари бўйича курсларга қатнашиш имконига эга бўлган эдик. Аммо кейин дадам Сурияга кўчиб ўтишга қарор қилди. Отам вафот этгунига қадар у ерда бир неча йил яшадик. У ерда ҳаёт даҳшатли эди. Омон қолганимиздан хурсандман», — Раъно, 17 ёш.

Жангларда кўплаб хорижий террорчи жангчилар ҳалок бўлган бўлса-да, кўп сонли одамлар, айниқса аёллар ва болалар жанглардан қочди ва лагерларга кўчирилди. Айни пайтда лагерлардаги аҳолининг 99 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Лагерлардаги вазият беқарор ва яшаш шароитлари ёмон. Хавф-хатар ва зўравонлик лагерлардаги энг юқори ҳавф остидаги аҳолининг заифлигини янада кучайтиради. Сурия, Ироқ ва Афғонистонда юзлаб аёллар ва болалар ҳибсда қолмоқда.

«Оиламиз акамнинг ортидан Ироққа борганида мен бир ёшда эдим. Акам ва отам урушда ҳалок бўлгач, онам яна турмушга чиқиб, ўғил туғди. Орадан уч йил ўтиб, ўгай отам вафот этди, онам эса кенжа укам билан бирга қамалди», — 17 ёшли Карима.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу муаммоларни эътироф этиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ 531 нафар фуқаросини, жумладан, 381 нафар болани ватанга қайтарди. Ўз фуқароларига хавфсиз реабилитация ва маҳаллий ҳамжамиятларга реинтеграция қилишда қўшимча ёрдам кўрсатиш мақсадида ЮНИCЕФ Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида «Европа Иттифоқи ва БМТнинг Марказий Осиё давлатларига қуролли можаро ҳудудларидан, биринчи навбатда, Сурия ва Ироқдан қайтган фуқаролари учун қўллаб-қувватлаши» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ҳозирга қадар лойиҳа доирасида аёллар ва болаларга турли хил ёрдам кўрсатилди. Уй-жой олиш, яшаш шароитини яхшилаш, нафақа, пенсия ва имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашиш шулар жумласидандир. Таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳам кўмак берилди.

«2019 йилда онам ва синглим билан Ўзбекистонга қайтдим. Мен 8-синфда ўқишни бошладим, тил бўйича билимимни ошириш мақсадида турли курсларда қатнаша бошладим. Тарих, адабиёт, ўзбек ва араб тилларини ўрганмоқдаман. Мен доим Ислом университетига киришни орзу қилганман, шунинг учун ҳам ўз устимда кўп ишлашга тўғри келди. Мен астойдил ўқидим ва „Ташхис“ кўмагида ўзим хоҳлаган олийгоҳга ўқишга кирдим», — Раъно, 17 ёш.

«Ташхис» Республика маркази маълумотларига кўра, бу ташкилотга 343 нафар бола келган бўлиб, уларнинг 153 нафари мактаб ёшидаги, 193 нафари мактабгача ёшдаги болалардир. Айни пайтда 161 нафар бола ҳалигача мослашиш босқичида, уларга психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Афсуски, болаларнинг 80 фоизида билим даражаси паст, 20 фоизининг билим даражаси умуман йўқ. Шу боис психологлар ва мактаб ўқитувчилари ҳар бир бола билан ишлашлари учун индивидуал дастурлар ишлаб чиқилди.

Психологларнинг болалар билан ишлаш усулларидан бири — расм чизишдир. Қуролли можаролар ҳудудларидан қайтган болалардан ўз орзуларини, дунёни қандай кўришларини суратларда тасвирлаш таклиф қилинди.

«Яшил уй». Расмни Суриядан қайтган 11 ёшли бола чизган. У ўз оиласига қайти. У 2020−2021 ўқув йилини яхши натижалар билан якунлаган хушмуомала ва мулоқотни яхши кўрадиган бола. У футбол ўйнайди ва спортчи бўлишни орзу қилади. Баҳор келишини кутгани боис у атрофи тоғлар билан ўралган табиат қўйнидаги яшил уйни чизди.

«Олма дарахти». Расмни Суриядан келтирилиб, оиласига қайтган 7 ёшли биринчи синф битирувчиси чизган. У жуда қизиқувчан бола, нимани кўрса, ўшандан ҳайратда қолади. Бола ўқув йилини муваффақиятли якунлади, чунки у ўқув йили бошланишидан олдин қўшимча таълим олган эди.

«Минора». Расмни Суриядан қайтган 10 ёшли бола чизган. У бир оз уятчан ва тезда мулоқотга киришмайди, лекин мактабда яхши ўқийди ва синфда уни яхши кўришади. Унинг ривожланган тасаввур қилиш қобилияти ўзини қулай ва хотиржам ҳис қиладиган ўз дунёсини яратишга ёрдам беради. Бола оиласи билан яшайди. Унинг реинтеграцияси яхши ўтмоқда. У фаолиятнинг барча турларини муваффақиятли ўзлаштиряпти.

«Капалаклар». Расмни Суриядан келтирилиб, оиласига қайтган 12 ёшли қиз чизган. У 2020−2021 ўқув йилини муваффақиятли тамомлаган жуда тиришқоқ ва қувноқ ўқувчи. Ҳозирда синф ҳаётида фаол иштирок этиб, мулоқот кўникмаларини ривожлантирмоқда. У кўп ўйлайди, орзу қилади ва барча гўзал нарсаларни ёқтиради. Қиз ҳар доим ўз муваффақиятидан хурсанд бўлиб, бошқалар билан мулоқот қилишни ва завқланишни яхши кўради.

Халқ таълими вазирлиги боланинг таълим даражасини аниқлашда уларнинг ўз тенгдошлари билан қайта интеграциялашуви ва мулоқот қилиш жараёнини осонлаштириш мақсадида таълим даражаси паст бўлишига қарамай, уларнинг ёшига қараб аниқлашга ҳаракат қилади. Асосий вазифа болага атрофдагилар, хусуасан синфдошлари, ўқитувчилари билан мулоқот қилишни ва ҳаётий кўникмаларни ўргатишдир.

Яқинларининг ўлими, зўравонлик, қайғу, қўрқув ва бошқа руҳий жароҳатларни бошдан кечириш болалар учун жуда оғир. Баъзи болаларда ҳиссий ва хулқ-атвор муаммолари, руҳий касалликлар, хусусан травмадан кейинги стресс, депрессия ва ҳавотир туйғуси пайдо бўлади. Бундай ҳолатларда улар алоҳида ёндашув зарурдир.

«Онам ва укамнинг тақдири мени ҳайратда қолдирди. Мен ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламас эдим. Ҳар куни даҳшатли тушлар кўрардим ва ухлай олмасдим. Ўтмишни унутолмас эдим, хотираларим мени тинч қўймас эди», Карима, 17 ёш.

Айни пайтда лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси мутахассислари томонидан ҳарбий можаролар ҳудудларидан қайтган болалар ва оилаларга сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида оилалар билан ишлаш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Республика «Ташхис» маркази мазкур болалар таълим олаётган ўнта умумтаълим мактабларида қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этилишга ёрдам берди. Марказларда турли ёшдаги болаларга психологик ёрдам олиш, ҳаётий кўникмаларнияхшилаш, маҳаллий аҳолига мослашиш имконияти яратилади. Шунингдек, ушбу болаларнинг ота-оналари ва уларга ғамхўрлик қилувчилар ўз руҳий саломатлигини сақлаш ва болаларни тарбиялашда ёрдам олишлари мумкин.