Дарахтлар атрофини оммавий равишда бетонлаш ҳолатларидан навбатдагиси Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарчасида содир бўлди. Ушбу ҳолат акс этган фотосуратлар «Биз бетонгаям дарахт экворорамиз» изоҳи билан 3 декабрь куни журналист Хуршид Далиев томонидан эълон қилинди.

4 декабрь куни вилоят экология бошқармаси Гагарин шаҳарчаси Халқлар Дўстлиги кўчасининг икки томонига экилган 75 туп дарахтлар атрофи «Файз-Барака» МЧЖ томонидан йўлак қуриш ишлари давомида бетонлаб юборилганини маълум қилди.

Фото: t.me/muxbir1.

Экология инспекторлари дарахтларнинг барчаси 38 туп арча, 7 туп шумтол,1 туп тут, 1 туп акация, 1 туп гилос,4 туп қайрағоч, 7 туп эльдор қарағайи, 12 туп айлант дарахтидан иборат эканини ҳисоблаб чиқишди.

«Дарахтларининг тагидаги бетонлар бузиб олинди ва дарахтларнинг таги юмшатилиб, парвариш қилинди. МЧЖнинг ушбу ишга йўл қўйган ходимларга нисбатан расмий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланди», — дейилади хабарда.

Фото: Жиззах вилоят Экология бошқармаси.

Худди шу куни ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Экология партияси ҳам муносабат билдирди. Партия дарахтларга нисбатан бундай шафқатсиз муносабатни кескин қоралади.

«Мазкур ҳолатнинг юзага келиши мамлакатимизда „Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётган, ҳар бир дарахтга, бир туп бўлса-да кўчат экишга алоҳида эътибор қилинаётган бир вақтда қатор саволларни туғдирмоқда», — дея маълум қилди Экопартия.

«Катта йўлнинг ёқасида йўлак қуриш бир-икки кунда битказиб юбориладиган кичкина иш эмас. Бунинг учун аввало лойиҳа-қурилиш ишлари ҳар томонлама пухта режалаштирилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бу жараёнда эса ҳар бир туп дарахт ҳисобга олиниши шарт», — дея қайд этилди.

«Лойиҳалаш ва қурилиш жараёнида мутасаддилар қаерга қарашган? Қурилиш жараёнини туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари, туман архитектори назорат қилиши керак эмасми? Ободонлаштириш бўлими, экология инспекцияси қаерга қаради?» — деган саволларни ўртага ташлади партия.

Баёнотда таъкидланишича, мамлакатда халқ ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида қурилаётган пиёдалар учун қулай бўлган саломатлик йўлаклари яшил масканлар, жумладан ён-атрофдаги дарахтлар билан ҳамоҳанглигини унутмаслик зарур. Президент ташаббуси билан дарахт экиш бўйича ўтказилаётган «долзарб қирқ кунлик» ҳар бир туп дарахт кўчатига алоҳида эътибор ва парвариш шарт эканини кўрсатиб турибди. «Бунинг учун масъулиятни ҳар бир мутасадди ўз зиммасига олишига тўғри келади», дейилади баёнотда.

Пиёдалар йўлаги ўртасига нафақат дарахтлар, балки симёғочлар ҳам тушиб қолган. Фото: Жиззах вилояти Экология бошқармаси.

«Дарахтлар атрофидаги бетон қўпорилиб, йўл қўйилган хато тўғриланган. Бироқ берилган суратлардан кўриниб турибдики, ҳолат тўлиқ бартараф этилмаган, дарахтлар атрофи номигагина бетондан тозаланган, уларни парваришлаш учун етарлича шароит яратилмаган», — дея қайд этди партия.

Баёнотда таъкидланишича, қурилишни амалга оширганларни жаримага тортиш билангина бундай ҳолатларга бутунлай барҳам бериш мушкул.

«Дарахтларга бундай муносабат учун тегишли ташкилот раҳбарлари, ҳар бир мутасаддининг ҳам масъулиятини кўриб чиқиш керак. Токи ҳар бир туп дарахт атроф табиий муҳитнинг бир бўлаги сифатида доим ҳимоя ва парваришда бўлиши кафолатлансин», — дея маълум қилди Экопартия.

Якшанба куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёш дарахт кўчатлари қайта ўтқазилганини маълум қилди.

Фото: Экология қўмитаси.