COVID-19'нинг омикрон штамми 38 та давлатда аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, коронавируснинг дельта штамми доминант вариант бўлиб қолмоқда. Янги омикрон штамми ҳозиргача 38 та давлатда аниқланган. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

«Ҳозирда омикрон ЖССТнинг барча олти минтақаси бўйича 38 та давлатда аниқланган, бунда Африкада инфекцияларнинг асосий ўсиши қайд этилган. Аммо „дельта“ варианти дунёда доминант бўлиб қолмоқда», — деди ЖССТ эксперти Мария ван Керхове онлайн сессияда коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича саволларга жавоб берар экан.


АҚШ авторитар режимлар кузатув ва репрессия учун фойдаланиши мумкин бўлган технологиялар экспортини чеклайди

АҚШ авторитар режимлар томонидан жосуслик қилиш, диссидентларга босим ўтказиш ва инсон ҳуқуқларининг бошқа бузилишида фойдаланиши мумкин бўлган экспортни чеклаш ва технологияларни лицензиялаш бўйича халқаро ташаббусни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ташаббус 9−10 декабрь кунлари онлайн бўлиб ўтадиган Демократия саммитида эълон қилинади.

Байден маъмурияти вакиллари саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун АҚШ билан дўстлик алоқаларидаги мамлакатларга ушбу ташаббусга қўшилишни таклиф қилмоқчи. Ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий диссидентлар, мухолифат журналистлари, фаоллар ёки аҳолининг айрим гуруҳларига қарши қўлланилиши мумкин бўлган технологиялар экспорти ва лицензияланишини чеклаш режалаштирилмоқда — Коммерсантъ.


«Толибон» аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди

«Толибон» олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди, деб маълум қилди Интерфакс.

Фармон матни ҳаракат назоратидаги интернет ресурсларида эълон қилинди. Ҳужжатда таъкидланишича, ҳаракат раҳбарияти барча тегишли мутасаддиларга, дин уламолари ва қабила оқсоқолларига аёлларнинг қуйидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича жиддий чоралар кўришни топширади: турмуш қуриш учун вояга етган аёлнинг розилиги зарур, ҳеч ким аёлларни турмушга мажбурлай олмайди.

«Аёл бойлик эмас, олижаноб ва озод инсондир, ҳеч ким уни ҳеч кимга бирон манфаат эвазига бера олмайди», — дейилади фармонда.


Садир Жапаров депутатларнинг ойлигини пасайтириб, хизмат машиналаридан маҳрум қилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров республика бюджети харажатларини оптималлаштириш ва давлат органларининг бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ҳужжатда Жўғорқу Кенеш депутатларини сақлаш харажатларини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар эълон қилинди, хусусан, уларнинг лавозим маошлари қисқартирилди. Жўғорқу Кенеш Торагаси (спикери)нинг маоши 30 минг сом (353 доллар), Торага ўринбосариники 27 минг сом (318 доллар), депутатлар — 25 минг сўм (295 доллар), фракция раҳбарлари ва қўмита раислариники — 26 минг сом (306 доллар) этиб белгиланди.


«Толибон» Ўзбекистонни афғон самолёт ва вертолётларини қайтаришга чақирди

Толиблар Ўзбекистонни Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Август ўрталарида Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти Термиз халқаро аэропортига мажбурий равишда қўндирилган эди.