Тошкент вилоятида хусусий корхонанинг қарийб 500 млн сўмлик даромадини талон-торож қилганлар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Бектемир туманидаги «H.» МЧЖ томонидан Покистон ва Эрон давлатларидан Ўзбекистонга мева-сабзавот маҳсулотлари импорт қилиниб, сотувга чиқарилган. Аниқланишича, ушбу сотувдан тушган 489,7 млн сўмни корхонанинг моддий жавобгар шахси Б.Қ. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.