Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 63-умумтаълим мактабида таҳсил олувчи 13 ёшли ўқувчилардан бири ҳомиладор экани аниқланган. Бу ҳақда Daryo хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, нашр мухбири суҳбатлашган бир нечта манба ҳақиқатан Самарқанд шаҳридаги 63-умумтаълим мактабида 2008 йилда туғилган ўқувчи ҳомиладор бўлиб қолганини тасдиқлаган.

«Суриштирувларга кўра, қизнинг ҳомиласи 25 ҳафталик бўлган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлардан мактабга ишчи гуруҳ келиб ҳолатни ўрганиб, муҳокама қилган. Маълумотларга кўра, 13 ёшли ҳомиладор қиз болани туғишини маълум қилган», — дейилади хабарда.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Ф. Д. га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.