Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиларининг сумкалари Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан текширилаётганлиги ва бу хатти-ҳаракатлар ноқонунийлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Миллий гвардия ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 25 ноябрь куни тахминан соат 12:30 ларда Яккасарой туманида жойлашган «Дўстлик» маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрган меҳмонлар, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари оддий аскарлар З. М. ва М. М. ларга мурожаат қилишган. Мурожаат ўсмирларнинг жамоат жойида «бомбочка портлатгани» ҳақидаги шикоятдан иборат бўлган.

Қайд этилишича, ҳарбий хизматчилар белгиланган жойга бориб, у ерда 3 нафар вояга етмаган болани кўришган. Икки нафар 5-синф ўқувчилари А. Ш. ва Р. Ш. лар пиротехника воситаларини кексалар ва аёллар олдига ташлаган.

Қўшимча қилинишича, ўсмирлардан бири ҳарбий хизматчиларнинг пиротехника воситаларини уларга топшириш талабига бир қути «бомбочка» берган, иккинчиси уни сумкасига яширган. Сумка ичидаги пиротехника воситалари олиб қўйилаётган вақтда мазкур ҳолат фуқаролар томонидан тасвирга олиниб, интернетга жойланганлиги айтилди.

Миллий гвардия хабарига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185−1-моддасига асосан, пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқбузарлик деб топилиб, бунинг учун ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинган ҳолда жарима солишга сабаб бўлади. Вояга етмаган шахсларнинг ота-оналари воқеа ҳақида зудлик билан хабардор қилинганлиги таъкидланди.

«Ҳарбий хизматчилар «Миллий гвардия тўғрисида»ги қонунининг 26- (Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари), 27-моддаларига (Миллий гвардиянинг мажбуриятлари) асосан ҳаракат қилган. Уларнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилмаган», — дейилади хабарда.