Мажбурий ижро бюроси 3000 нафардан кўпроқ қарздорни қидирмоқда. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда бюро ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.

Маълум қилинишича, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга биноан бюронинг давлат ижрочилари томонидан қарздор ва унинг мол-мулки турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаганда, уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Хусусан, бюро органлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув фаолият натижасида 2021 йилнинг ўтган даврида қарздорлиги туфайли 7 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Уларнинг 4 500 нафардан (58%) ортиғи топилган ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Қайд этилишича, ҳозирда 3 264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу шахсларнинг 2 149 нафари республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 1 115 нафари чет элга турли мақсадларда чиқиб кетганлиги аниқланган.

Қўшимча қилинишича, қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 млрд 700 млн сўм, шу жумладан 22 млрд 800 млн сўм алимент пуллари ундирилган.

«Ҳозирда 80 дан ортиқ ижро ишлари бўйича қидирувда бўлган фарзандларнинг оналари қарамоғига олиб берилиши бўйича 57 та ижро ишлари амалда тамомланди. Қолган ишлари бўйича қидирув ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, 2021 йилда қидирув эълон қилинган 4 222 та автотранспорт воситаларининг 3 073 таси, яъни 73 фоизи тезкор тадбирлар натижасида топилган. Қолган 1 149 та автотранспорт воситаларини топиш бўйича қидирув тадбирлари давом этаётганлиги айтилди.

Қайд этилишича, қидириб топилган 3 073 таси автотранспорт воситалари ундирувга қаратилиши натижасида 40 млрд 500 млн сўмлик қарздорлик ундирилиши таъминланган.