1 декабрдан бошлаб Тошкент метрополитенида йўл ҳақини тўлаш учун жетонларни қабул қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда ДУК матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Тошкент метросида йўловчилар учун жетонларни сотиш тўхтатилиб, автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилган. Мазкур қарор йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида қабул қилинган.

Лекин шу давр мобайнида аҳолидаги мавжуд жетонлар қабул қилиниб келган.

Ҳозирда барча бекатлар QR кодли билет, транспорт ва банк карталари ҳамда NFC орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган, дея қайд этди метрополитен матбуот хизмати.