5 ноябрь куни Ўзбекистон элчиси Саид Рустамов Буюк Британия халқаро савдо вазирининг ўринбосари лорд Жерри Гримстоун билан учрашди. Музокаралар чоғида Буюк Британия вакили Ўзбекистон ушбу мамлакат Умумий имтиёзлар тизими (UK Generalised Scheme of Preferences, Enhanced Framework)нинг кенгайтирилган режимига киритилгани тўғрисида маълум қилди, деб хабар берди «Дунё» АА.

«Бундай қарор қабул қилинишига мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг ижобий динамикаси хизмат қилди. Буюк Британия Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнини олқишламоқда. Ўзбекистон Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиққанидан сўнг ушбу тизимга киритилган биринчи давлат бўлгани қайд этилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонга Буюк Британия билан савдода бенефициар мамлакат мақоми берилиши кенг турдаги ўзбек маҳсулотларининг Британия бозорига киришини осонлаштиради ва уларнинг рақобатбардошлигини оширади.

Шунингдек, икки томонлама кун тартибидаги бошқа масалалар, жумладан, инновация, инвестиция, муқобил энергетика ва молия соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилинди.

Ўзбекистон-Британия савдо ва саноат бўйича кенгашининг (UBTIC) йиллик йиғилишига биргаликда тайёргарлик кўриш ва уни 2022 йил Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича фикр алмашилди, дейилади хабарда.