АҚШ ҳукуматинининг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича кенг қамровли глобал чора-тадбирлари доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга қўшимча 2,5 млн доллар ажратди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 млн доллардан ошди.

USAID ушбу қўшимча маблағни дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун юқори даражадаги техник ёрдам кўрсатиш учун сарфлайди.

«Ўзбекистонда тўлиқ эмланганлар сони аста-секин ўсиб бормоқда. Аммо пандемия ҳали тугамади — вирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва янги вариантлар глобал миқёсда доимий хавф туғдирмоқда. Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳаётларни сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклаш учун жуда муҳим», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

«Вакциналар бунда асосий ечим бўлиб, Байден маъмурияти бу ҳаракатга содиқлигини яқинда Қўшма Штатларнинг бутун дунё бўйлаб 200 млн дозадан ортиқ COVID-19 вакцинасини хайрия қилганини эълон қилиши орқали намоён қилди», — дея қўшимча қилди у.

Пандемия бошланганидан бери USAID Ўзбекистон ҳукумати билан бир қатор йўналишларда кенг кўламли ҳамкорлик қилиб келди. Бунга тест синовлари ўтказиш учун миллий лаборатория тизимларини мустаҳкамлаш; лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфектсиянинг олдини олиш ва назорат қилиш; диагностика салоҳиятини кучайтириш, COVID-19 кузатувини ва тезкор жавобни ошириш; касаллик юқтирганларни даволашни такомиллаштириш; шунингдек, аҳолининг COVID-19 ҳақида хабардорлигини ошириш, жамоатчиликни жалб қилиш ва кўнгиллиларни сафарбар қилиш кабилар мисол бўлади.