1 ноябрь ҳолатига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида 191 571 та қонун бузиш ҳолатлари аниқланган.

Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг Давлат органлари ва бош ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Маҳмудов маълум қилди.

ДХА томонидан 6131 та таъсир чоралари қўлланилди:

  • 583 та тақдимнома;
  • 2978 та огоҳнома;
  • 2556 нафар мансабдор шахс ва ходимга маъмурий жарималар қўлланилган.

Таъсир чоралари натижасида 1138 нафар мансабдор интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан, 64 нафари лавозимидан озод этилди.

Улуғбек Маҳмудов. Фото: Видеодан лавҳа.

Унинг сўзларига кўра, ДХА ташкил этилганига қарийб 4 йил бўлган бўлса, қонунбузилиш ҳолатлари йил сайин камайиб бормоқда. «Бу янгича тизимга барча идораларимиз босқичма-босқич мослашиб бормоқдалар», — деди Улуғбек Маҳмудов.

ДХА матбуот хизмати раҳбари Севара Закирова 9 ойда энг кўп қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган топ-5та ташкилотни маълум қилди:

  • «Ўзсувтаъминот» АЖ;
  • «Ҳудудгазтаъминот» АЖ;
  • Қурилиш вазирлиги;
  • Кадастр агентлиги;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғи Фарҳод Васиевнинг таъкидлашича, 2019 йилгача сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш хусусий секторлар томонидан кўрсатилган. Ундан сўнг, ушбу хизматни таъминотчи корхона томонидан кўрсатиш бошланган.

Фарҳод Васиев. Фото: Видеодан лавҳа.

«Давлат идораларидаги шу хизматни кўрсатиш бўйича мутахассисларнинг етишмовчилиги яққол кўзга ташланиб қолди. Буни кескин равишда оширишни молиявий тарафлама таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Сабаби сув ҳисоблагични даврий қиёслашдан ўтказишдан келиб тушадиган маблағ олиб қарасак, 2019−2020 йилларда ҳар бир ҳисоблагич учун — 8920 сўм таъминотчи корхонага келиб тушган», — деди у.

Таъкидланишича, ушбу маблағ ичига хонадонга мутахассис ташрифи ва ҳисоблагични ечиб олиб, Ўзстандарт агентлигига топшириш ва қиёслашдан ўтказилгач, ҳисоблагични қайта ўрнатиш харажатлари киради.

Аввалроқ, «Газета.uz» илк уч ойда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 108 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолати аниқлангани ҳақида ёзганди. Ўшанда ҳам энг кўп қонунбузарлик коммунал ташкилотлари билан боғлиқ бўлган эди — 88 509 та ҳолат. 3 ойда 20 нафар мансабдор ишдан олинганди.