Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг I чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 108 мингдан ортиқ қонун бузилишлар аниқланган. Бу ҳақда агентликнинг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шундан 79 мингдан ортиғи муддат бузилиши, қарийб 20 мингтаси тўғридан-тўғри давлат хизматини кўрсатиш ва 1129 таси эса ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолатлари билан боғлиқ.

Ташкилотлар кесимида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш ҳолатлари:

  • Коммунал ташкилотлар — 88 509 та;
  • Соғлиқни сақлаш муассасалари — 6199 та;
  • Кадастр органлари — 3831 та;
  • Давлат солиқ органлари — 1405 та;
  • Қурилиш органлари — 1369 та.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга огоҳномалар, тақдимномалар киритилди ҳамда айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган.

Натижада 356 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, улардан 20 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Қолаверса, 922 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Агентлик шунингдек, марказлар орқали хизматларини ўз вақтида жорий этишни кечиктирган ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳам жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

«Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, „Ўзархив“ агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, „Ҳудудгазтаъминот“ АЖ, „Ўзсувтаъминот“ АЖ, туғруқхона ва шифохона туғруқ бўлимлари Давлат хизматлари марказлари орқали хизматларини ўз вақтида жорий этиш чораларини кўрмаган. Натижада, қайд этилган идораларнинг масъул ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилди», — дейилади хабарда.

Давлат хизматлари агентлиги асосий мақсад — аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уларга ечим топишдан иборат.

«Аслида Давлат хизматлари агентлигининг асосий вазифаси фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат хизматлари кўрсатиш борасида юмушларини осон ва бюрократик тўсиқларсиз ҳал этишдан иборат. Бироқ, бунда ҳамкорликда иш олиб бораётган 50 дан ортиқ давлат ташкилотларидан бирортаси хизмат кўрсатиш тартибини бузиши — тизимдаги занжир узилди дегани», — дейилади агентлик хабарида.

«Газета.uz» январь ойи ўрталарида коммунал ташкилотлар фаолиятида 20 мингга яқин қонунбузарлик аниқлангани, айбдорларнинг 67 нафари жаримага тортилгани, яна 33 нафарига эса интизомий жазо чораси қўлланилгани ҳақида ёзган эди.

27 февралга келиб эса чақалоқларни рўйхатдан ўтказмагани учун Тошкентдаги туғруқхоналарнинг 14 нафар мансабдори жаримага тортилганди.