ЮНЕСКОнинг амалдаги раҳбари Одри Азуле ташкилот бош директори этиб қайта сайланди, деб хабар қилди БМТ матбуот хизмати. У 169 овоздан 155 тасини олди.

«Бу натижани ташкилотимизда бирдамлик тикланганидан далолат деб биламан. Сўнгги тўрт йил ичида биз ЮНЕСКОга бўлган ишончни қайта тиклай олдик ва бу кўп жиҳатдан ташкилотнинг ўзига бўлган ишончини тиклашга ёрдам берди», деди Одри Азуле.

COVID-19 пандемияси даврида ЮНЕСКО 112 мамлакатда умрбод таълимни таъминлаш учун Глобал таълим коалиwиясини тузди. 2020 йил август ойида Байрут портида юз берган икки портлашдан сўнг ташкилот Ливан пойтахтидаги 90 га яқин мактабни қайта тиклади.

Сўнгги тўрт йил ичида ЮНЕСКО ўз фаоллигини оширди, бу ташкилот бюджети консолидациясида ҳам ўз аксини топмоқда. Икки асосий компонент — давлатларнинг мажбурий бадаллари ва ихтиёрий бадаллар — 2020−2021 йилларда 1,4 млрд долларни ташкил этади. 2017−2021 йилларда ихтиёрий бадаллар аввалги тўрт йилга нисбатан 50 фоизга ошди.

Одри Азуле 2019 йилда Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрди. У президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг маданий меросни тиклаш салоҳиятини муҳокама қилди, Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини очиб берди, шунингдек, Бухорога ташриф буюрди.