1 — 7 ноябрь кунлари онлайн аукцион орқали умумий суммаси 9,4 млрд сўмлик 3663 та авторақам сотилган. Бу ҳақда республика товар-хом ашё биржаси хабар берди.

Ушбу давр мобайнида «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 1 трлн 733,1 млрд сўмлик товарлар сотилган. Ушбу кўрсаткич ўтган ҳафтага нисбатан 8,1% га паст. Бунда биржа савдолари сотувларнинг 83,2 фоизини, кўргазма-ярмарка савдолари — 1,7 фоизни, электрон давлат харидлари — 14,5 фоизни ва авторақамларнинг онлайн-аукциони — 0,5 фоизини ташкил этди.

Қайд этилишича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 650,9 млрд сўмни ташкил қилган. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 59,6 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Биржа савдолари

Ўтган ҳафтада очиқ биржа савдолари орқали жами 1 трлн 442,3 млрд сўмлик товар ресурслари сотилган. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйган.

Жумладан ҳафта мобайнида биржа савдоларига 5982 тонна пахта ёғи қўйилган ва улардан 2215 тоннаси, яъни 37,0% қисми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 75 харидор иштирок этган. Барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 15 млн 952,7 минг сўмдан 15 млн 802,0 минг сўмгача, яъни 0,9% га пасайгани таъкидланди. Биринчи навли пахта ёғининг ўртача ҳафталик котировкаси эса 18 млн 053,4 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, ҳафта давомида биржа савдоларига 292,65 минг тонна цемент қўйилган ва улардан 126,163 минг тоннаси, яъни 43,1% қисми сотилган. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 25,2 минг тоннани ташкил қилди. Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 510 минг сўмдан 485,8 минг сўмгача, яъни 4,8 фоизга пасайган.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 10,573 минг тонна кўмир қўйилган ва улардан 5,847 минг тоннаси, яъни 55,3% қисми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 13 харидор иштирок этган. Ҳафта давомида кўмирнинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 334,9 минг сўмдан 301,9 минг сўмгача, яъни 9,8 фоизга пасайган. Кўмирнинг ўртача ҳафталик котировкаси 346,8 минг сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» январь-сентябрь ойларида онлайн-аукционлар орқали 221,1 млрд сўмлик «чиройли» авторақамлар сотилгани ҳақида хабар берганди.