Президент Шавкат Мирзиёев шанба куни инаугурация маросимида сўзлаган нутқида Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши, Германия тажрибасидан барча соҳаларда фойдаланиш режалари ҳақида гапирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари миллий иқтисодиётни замон талаблари асосида ривожлантириш — устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. 2030 йилгача Ўзбекистон аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмини янада ошириш мақсад қилингани, бекорга рақамларни келтирмаётганини таъкидлаб, «баландпарвоз рақамни жуда кўп кўрдик», — деди. Аввалроқ президент аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 4000 долларга етказиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. «Бизнинг келгуси 5 йилдаги ҳаракатларимиз 2030 йилга катта замин яратади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев кўзланган мақсадларга эришиш учун хусусий секторни рағбатлантириш, унинг иқтисодиётдаги улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

«Бошқа давлатлардан бизга инвестиция олиб кираётган ишбилармонларга муҳит яратиш. Мана, беш йилда таҳлил қилинглар, қайси туман, қайси вилоят муҳит яратди, натижа бўлди. Қайси туман, қайси вилоятда коррупция йўқ, президент вакиллари ҳалол-пок ишлаяпти, натижа бўлди», — деди у.

Ўзбекистондаги барча статистик маълумотларни Жаҳон банки ўрганмоқда, дея таъкидлади президент.

«Биз олдингидек уни ўзимиз ҳисоблаб, Жаҳон банкига кўрсатмасдан ҳаракат қилолмаймиз. Ҳамма нарсамиз ошкора, очиқ, дунёга ҳаммасини кўрсатиб боряпмиз».

У «драйвер-соҳаларда» кластер тизимини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. «Яхшими, ёмонми, мана шу 5 йилда кластер тизимимиз саноатимизда ҳам ўзининг натижасини бериб бошлаяпти. Нима учун пахтачиликда кластер? У ҳам саноат. Фақат пахтани ишлаб чиқариш билан эмас, уни қайта ишлаб, саноат усулида қўшимча қиймат занжирини яратиб, иш жой яратиш керак. Бозор топиш керак, рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев булар беш йилда бўладиган ишлар эмаслигини қайд этди.

«Кимдир танқид қилиши мумкин: нимага бу кластер ундай. Энди-энди кластерлар тўғрисидаги қонунлар [ни ишлаб чиқариш бошланди]», — дея депутатларни мазкур масалани синчковлик билан ўрганишга чақирди.

«Нима учун мен Карл Марксни кўп ўрганаман? — давом эттирди президент. — Мана, буюк Германия. Қандай инқирозларга дуч келишидан қатъи назар, таълим бор, билим бор, илм бор. Илм натижасида, мана, Германиянинг иқтисодиёти инқирозда қанчалар тик турибди. Биз ҳам шундай ўрганишимиз керак», — дея таъкидлади президент.

У яқинда бош вазирни бутун комиссиялар билан Германияга жўнатиш, ҳар бир соҳага ушбу давлат тажрибаларини олиб кириш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Кўп соҳаларга пул беряпмиз. Натижадорлик нуқтаи назаридан ўсиш бор, сифат йўқ. Бу албатта бизни қийнаши керак… Шунинг учун агар биз сифатли тизим, десак, таълим, таълим, мана шу таълим [муҳим]», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.