8 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилояти ҳокими ва Навоий вилояти ҳокими фаолияти танқид остига олинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғига, ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва вилоят прокурорига ҳайфсан берилди. Агар, чорак якунигача ўзгариш бўлмаса, барчаси ишдан кетади.

Йиғилишда шунингдек, камчиликларга йўл қўйгани сабабли Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаев, солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров, Марказий банкнинг Қашқадарё вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов, Марказий банкнинг Навоий вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Исломбек Саидов ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиевлар лавозимидан озод этилди.

Қолаверса, Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан бўшатилди.

Бундан ташқари, Марказий банк, унинг ҳудудий бошқармалари ва тижорат банклари фаолияти ҳам талаб даражасида эмас.

Шу сабабли, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Зохидовга ҳайфсан берилди. Агар 2 ой ичида иш услубида ўзгариш бўлмаса, маҳаллагача тушиб ишламаса, ташаббус кўрсатмаса, уни ҳам ишдан оламан.

Президент йиғилишда иштирок этаётган раҳбарлар ўз ҳисоботида қуйидаги саволларга жавоб бериши кераклигини таъкидлади:

Биринчи — ўз ҳудудларида қайси тадбиркорлик йўналишлари ривожлантирилиб, нечта янги лойиҳалар ишга туширилади?

Иккинчи — қанча аҳолининг бандлиги таъминланади ва 3 та «дафтар»га кирган аҳоли сони қанчага қисқаради?

Учинчи — йил охиригача нечта солиқ тўлайдиган тадбиркорлар пайдо бўлади ва бюджетга қанча қўшимча маблағ тушади?

Йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилган тезкор чоралар ҳисобига 33 та «қизил» тумандан 28 тасида кескин ўзгариш бўлгани маълум қилинди. Ушбу туманларда 2 мингта янги лойиҳа ишга тушган, солиқ тушумлари 15 фоиз ўсиб, 25 минг янги иш ўрни яратилган.

Мисол учун, Ховос тумани ўтган 6 ой давомида 8 поғона юқорилаб, вилоятда 2-ўринга чиқиб олган (аввал 10-ўринда бўлган).

Видеоселекторда Ховос тумани ҳокими Учқун Камолов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ҳудудда аҳволни яхшилаш бўйича кўрган чораларни тушунтирди.