Facebook эгаси Meta Platforms (MP) Қозоғистон ҳукуматига ўзининг контент ҳисоботи тизимидан фойдаланиш имкониятини тақдим этгани ҳақида хабар берган эдик. Бу орқали Қозоғистон ҳукумати томонидан ноқонуний деб топилган контентни ўчириш жараёнини соддалаштириш назарда тутилган.

Бироқ, Facebook ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Meta Platforms компанияси сешанба куни Қозоғистон ҳукуматига контентни бошқариш тизимидан фойдаланишга рухсат берганлиги ҳақидаги маълумотни рад этди, деб хабар бермоқда Reuters.

Facebook билан қўшма баёнот сифатида тақдим этилган хабарда Қозоғистон ҳукумати душанба куни Марказий Осиё давлати миллионлаб маҳаллий фойдаланувчилар учун Facebook`ни блокировка қилиш билан таҳдид қилганидан сўнг, бу ҳаракатни муросали ечим сифатида таърифлаган эди, дейилади хабарда.

Meta Platforms Қозоғистон қўшма деб атаган баёнотни эълон қилмаган, бироқ Қозоғистон ахборот вазири Аида Балаева баёнотнинг матни Meta компаниясининг Гонконгда жойлашган Хитой, Мўғулистон ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси раҳбарияти билан келишилганлигини таъкидлади.

Meta Platforms`нинг Осиё Тинч океани ҳудуди алоқалари бўйича директор Бен МакКонахининг сўзларига кўра, бутун дунё ҳукуматлари маҳаллий қонунлари бузилаётгани ҳақида компаниянинг махсус онлайн канали орқали хабар бериши мумкин.

«Биз Facebook сиёсати, маҳаллий қонунлар ва инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларига мувофиқ, ҳар қандай ҳукуматдан мустақил равишда индивидуал сўровларни баҳолаш учун изчил глобал жараёнга амал қиламиз», — деди Бен МакКонахи.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу жараён «фақат Қозоғистон учун жорий қилинган эмас, бу дунёдаги барча давлатлар учун бир хил».

1 ноябрь куни эълон қилинган мамлакат ҳукумати ва Facebook қўшма баёнотида томонлар ўртасидаги келишувга кўра, «Facebook Қозоғистонга Facebook`нинг „Content Reporting System“ (CRS) тизимига тўғридан-тўғри ва эксклюзив киришни таъминлайди, бу эса ҳукуматга Facebook`нинг глобал контент сиёсати ва Қозоғистоннинг маҳаллий қонунларини бузиши мумкин бўлган контент ҳақида хабар беришга ёрдам беради», дея таъкидланган эди.

Facebook ижтимоий сиёсати бўйича минтақавий директори Жорж Чен компания ушбу чора ҳукуматга зарарли контент билан янада самаралироқ курашишда ёрдам беришига умид билдираётганини айтган. Шунингдек, компания Қозоғистон билан «болалар учун онлайн хавфсизлик» бўйича ҳамкорлик қилаётгани маълум қилинган.