Facebook эгаси Meta Platforms (MP) Қозоғистон ҳукуматига ўзининг контент ҳисоботи тизимидан фойдаланиш имкониятини тақдим этди, дея хабар қилмоқда Reuters агентлиги. Хабарда айтилишича, бунга Қозоғистон ҳукуматининг миллионлаб маҳаллий фойдаланувчилар учун ижтимоий тармоқни блоклаб қўйиш билан таҳдид қилганлиги сабаб бўлган.

1 ноябрь куни эълон қилинган мамлакат ҳукумати ва Facebook қўшма баёнотида Қозоғистон томонидан ноқонуний деб топилган контентни ўчириш жараёнини соддалаштириш назарда тутилган. Маълум қилинишича, бу турдаги келишув Марказий Осиё минтақасида илк марта имзоланиши.

Хабарда айтилишича, мамлакат парламенти сентябрь ойида ҳукуматга ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловаларини блоклаш имконини берувчи қонун лойиҳаси устида ишлай бошлаган эди. Мазкур қонун, агар ижтимоий тармоқлар ишлаб чиқувчилари мамлакатда ўз офисларини очмаса ва расмийлар шикоятларини кўриб чиқиш учун масъул шахсларни тайинламаса, ҳукумат мамлакат ҳудудида уларни блоклашини назарда тутади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчилардан бири, ҳукумат расмийси Айдос Сарим ўзининг Facebook`даги саҳифасида қонун лойиҳаси технология гигантлари билан музокаралар учун йўл очганини ва компания расмийлари энди тегишли қоидаларни юмшатишга тайёр эканликларини маълум қилган.

Қўшма баёнотда, томонлар ўртасидаги келишувга кўра, «Facebook Қозоғистонга Facebook`нинг „Content Reporting System“ (CRS) тизимига тўғридан-тўғри ва эксклюзив киришни таъминлайди, бу эса ҳукуматга Facebook`нинг глобал контент сиёсати ва Қозоғистоннинг маҳаллий қонунларини бузиши мумкин бўлган контент ҳақида хабар беришга ёрдам беради», дея таъкидланган.

Facebook ижтимоий сиёсати бўйича минтақавий директори Жорж Ченнинг сўзларига кўра, компания ушбу чора ҳукуматга зарарли контент билан янада самаралироқ курашишда ёрдам беришига умид билдирмоқда. Шунингдек, компания Қозоғистон билан «болалар учун онлайн хавфсизлик» бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

«Қонун лойиҳаси танқидчилари 19 миллионлик автократик мамлакат ҳукуматини цензуранинг янги воситаларига эга бўлишга интилаётганликда айбладилар, қонун лойиҳаси муаллифлари эса у кибер-буллинг [таҳқирлаш, ҳақорат — таҳр.] ва бошқа хавфли контент тарқалишининг олдини олишга қаратилганини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Ҳукумат берган маълумотларга қараганда, Қозоғистонда камида 3,2 миллион Facebook фойдаланувчиси бор. Instagram ва WhatsApp каби бошқа MP иловалари мамлакатда янада оммалашган.

Аввалроқ Facebook асосчиси Марк Цукерберг компания номини Меtа`га ўзгартирганини маълум қилган эди.