Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Чумчуқли маҳалласида 3 киши — аёл ва унинг икки вояга етмаган фарзанди ис газидан заҳарланиш қурбони бўлди. Kun.uz маълумотларига кўра, ўша куни аёл иситиш печида таппи ва кўмир кукуни аралашмасидан тайёрланган тезак ёққан.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz» га маълум қилишича, 29 октябрь куни соат 12:30 ларда Ургут тумани, Чумчуқли маҳалласида яшовчи Н.О. (1983 й. т.) ва унинг вояга етмаган фарзандлари Ш. А. (2010 й. т.), У.А. (2016 й. т.) ҳамда О.А. (2012 й. т.) печкадан сизиб чиққан ис газидан заҳарланган ҳолатда топилган.

Мазкур печка қариндошлари томонидан қўлбола усулда ясалгани аниқланган.

Натижада, Н.О, унинг вояга етмаган фарзандлари Ш. А. ва У.А. ҳодиса жойида вафот этишган. О.А. шифохонага ётқизилган.

Туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «а» (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ургут туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Дилмурод Санақуловнинг маълум қилишича, ФВБ ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар, ОАВ орқали, шунингдек турли ташкилотлар ва маҳаллаларда юриб тарғиботлар олиб бориляпти.

«Аммо шунга қарамасдан одамлар ҳамон уй иситиш печларини ёқишда печларнинг созлигига, мўриларни тозалаш ишларига эътиборсиз бўлишяпти. Жумладан, Чумчуқли маҳалласида юз берган ис газидан заҳарланиш ҳодисасига ҳам тўлиб қолган мўри тозаланмасдан иситиш печи ёқилгани сабаб бўлган», — деди у.

Аввалроқ 15−25 октябрь кунлари Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этгани хабар қилинган эди. Уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалардир. Яна 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шунингдек, вилоятда октябрь ойининг бошидан буён 128 та аҳоли уйларида турли кўламли ёнғинлар содир бўлган.