Самарқанд вилоятида октябрь ойининг бошидан буён 128 та аҳоли уйларида турли кўламли ёнғинлар содир бўлган. Бу ҳақда Паст Дарғом тумани ҳокимлигида ўтказилган брифингда ФВБ вакили Сирожиддин Абдуллаев маълум қилди.

Ушбу ҳолатлар натижасида 3 киши куйиш жароҳатларини олган. Ёнғинларга иситиш воситаларининг назоратсиз қолдирилиши, ёш болаларнинг шўхлиги, электр тармоқларидаги носозлик ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлган.

Шунингдек, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилган. Оқибатда 3 киши турли даражадаги тан-жароҳатлари олиб, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган.

Бундан ташқари Самарқанд вилоятида 10 кун ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳолат қайд этилган. Вилоятда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этган ва 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ҳалок бўлган 8 нафардан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишларда табиий газ тармоғига уланган қўлбола иситиш печининг тутун чиқариш мўриси тозаланмасдан, кечаси печни ёқиб ухлаш оқибатида заҳарланиш ва ўлим ҳолати юзага келгани маълум бўлган.

Иккита ҳолатда иситиш печининг мўрисидан баҳор, ёз даврида ин қурган қушларнинг уяси чиққан бўлса, бошқа ҳолатда мўри ичига қушларнинг уй қурмаслиги учун латта тиқиб қўйиб, уни олиб ташламасдан, иситиш печидан фойдаланилгани аниқланган. Оқибатда барча заҳарли газлар хона ичига тўпланиб, фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган.

«Газета.uz» октябрь ойи аввалида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги уйларнинг бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ҳақида ёзган эди. Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳат олиб, шифохонага юборилган.