Facebook асосчиси Марк Цукерберг компания номини Меtа`га ўзгартирганини маълум қилди. Компания барча иловалар ва технологияларни янги бренд остида бирлаштириб, одамлар мулоқот қилиши, жамоалар яратиши ва бизнесни ривожлантириши мумкин бўлган «метаолам»ни қуриш ниятида.

«Метаоламнинг ўзига хос хусусияти борлик ҳисси бўлади — гўё сиз бошқа одамнинг ёнида ёки бошқа жойда бўлгандек. Ўзини бошқа одамга яқин ҳис қилиш ижтимоий технологияларнинг асосий орзусидир. Шунинг учун биз уни йўлга қўйишга эътибор қаратишга қарор қилдик», — деди Марк Цукерберг Facebook Connect 2021 тақдимотидаги нутқида.

«Метаолам интернетдаги бугунги ижтимоий тажрибаларнинг гибридига ўхшаб кетади, баъзан уч ўлчовга кенгаяди ёки жисмоний дунёга проекцияланади. Бу сизга, ҳатто бирга бўлолмасангиз ҳам, бошқа одамлар билан ёрқин таассуротларни баҳам кўришга ва жисмоний дунёда қила олмаган нарсаларни биргаликда бажаришга имкон беради. Бу бизнинг компаниямиз учун янги бўлим очадиган ижтимоий технологияларнинг узун рўйхатидаги навбатдаги қадамдир», — дейилади интернет гигант баёнотида.

Meta акциялари биржада MVRS тикери остида рўйхатга олинади. Компаниянинг корпоратив тузилмаси, шунингдек, миссияси («Инсонларни бирлаштириш») ва иловалар номлари (Facebook, Instagram, WhatsApp, Oculus ва бошқалар) ўзгаришсиз қолмоқда. Бироқ, компания бренди энди фақатгина Facebook билан чамбарчас боғлиқ бўлмайди, бу «биз бугун қилаётган барча ишларни акс эттира олмайди, келажакни айтмаса ҳам бўлади», деди Марк Цукерберг.

Унинг таъкидлашича, компания учун хавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, очиқ стандартлар ва ўзаро мувофиқлик (турли платформалар билан мослик) масалалари устувор бўлади.

Охирги бир неча ой ичида Facebook ребрендингини эълон қилиши кутилган эди. Бу компаниянинг ички ҳужжатларини эълон қилиш билан боғлиқ можаро фонида содир бўлган. Аввалроқ Facebook монополияда ва ёлғон маълумотлар тарқатилишига қарши етарлича курашмаганликда айбланган эди.