2021 йилнинг 9 ойида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг 5 мингдан ортиқ мурожаатлари ўрганилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 2 баробарга кўп. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман бўлим бошлиғи Нозимахон Саидалиева маълум қилди.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг деярли 3 мингтаси қаноатлантирилган, қолганлари юзасидан тушунтириш берилган.

Таъкидланишича, бугунги кунга келиб, суд давлат органининг тарафини олади, деган фикр тобора йўқолиб, тадбиркорлар ва давлат органлари тенг равишда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиб бормоқда.

«Судлар эса давлат органларининг ҳуқуқбузар шахсларига нисбатан тегишли жазо чораларини қўллаш ҳолатлари амалиётда кўп учрайди», — деди у.

Бизнес-омбудсман вакилининг қайд этишича, афсуски, давлат органларининг айрим мансабдорлари ва ходимлари ҳанузгача эски фикрлаш асосида ишлаб келмоқда ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузмоқда.

Бизнес-омбудсман бўлим бошлиғи Нозимахон Саидалиева. Фото: АОКА.

«Ҳуқуқбузарликларга ҳудудлар кесимида назар ташлайдиган бўлсак, Бизнес-омбудсманга энг кўп келиб тушган мурожаатлар сони Тошкент шаҳри (643), Тошкент вилояти (583) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига (540) тўғри келмоқда. Соҳалар кесимида, тадбиркорларни энг қийнаётган муаммолар бу ер масаласи (1 179) ва кредит ажратилиши (1 119). Ушбу йўналишлар ўтган йили ҳам долзарб бўлган», — деди Нозимахон Саидалиева.

Унинг сўзларига кўра, «тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши давлат бюджети учун қўшимча харажатларни келтириб чиқармоқда».

«Агар судлар мисолида айтадиган бўлсак, суд қарорлари билан давлат органларига тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, бу компенсация тўлаш, ер ажратиш ва ҳоказо, шунингдек қўшимча давлат божини тўлаш вазифаси юклатилади», — дея таъкидлади мутахассис.

Ушбу суммалар қўшилиб, катта маблағлар шаклланиши қайд этилган.

«Қўшимча харажатлардан ташқари, тадбиркорнинг ҳуқуқини бузган давлат органининг ва ходимнинг имиджига ҳам салбий таъсир қилади ва уларга бўлган ишонч камаяди. Шу сабабли ҳам, давлат органларини ҳуқуқбузарликларни содир этмасликка чақирамиз», — деди Бизнес-омбудсман бўлим бошлиғи.

Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман томонидан 2021 йилнинг 9 ойида тадбиркорлар манфаатига судларга 28 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган.

«Шу билан бирга, қўлланилган таъсир чораларни таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жорий йил маъмурий жавобгарликка тортилганлар сони кескин кўпайиб кетган ва ўтган йилга нисбатан 740 нафарга ошган», — деди Нозимахон Саидалиева.

Ҳудудлар кесимида маъмурий жавобгарликка тортилган энг кўп мансабдор шахслар сони Наманган (129), Қашқадарё (126), Тошкент ва Бухоро вилоятларига (121) тўғри келмоқда. «Бу дегани судлар бизнес тарафида бўлиб, тадбиркорларнинг манфаатларини инобатга олмоқда», — деди у.

Шу билан бирга, Бизнес-омбудсманнинг таъсир чоралари натижасида 1000 дан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, 225 тасига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

Тадбиркорлар фойдасига судлар орқали 19 млрд сўмлик маблағлар ундирилиши белгиланди, қолаверса, давлат органларининг 500га яқин қарор ва ҳужжатлари бекор қилинди.

Таъкидланишича, Бизнес-омбудсман томонидан расмийлаштирилган маъмурий ишлар бўйича жарималар БҲМнинг 20 дан 80 бараваригача белгиланган ва ушбу жазо чоралари мансабдор шахсларни бизнесга аралашишдан олдин ўйлантириши керак.