Афғонистон ҳукумати БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Термиздаги инсонпарварлик ёрдамини олиб киришга ҳозирча рухсат бергани йўқ, дея хабар берди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги вакили «Газета.uz»га.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ўртасида Termez Cargo Centre логистика марказига БМТ Қчқинлар масалалари бўйича бошқармасининг Афғонистонга мўлжалланган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами олиб келинган эди. Улар юк машиналарида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташилиши керак эди.

«Юк ҳозирча Термизда турибди. Уни етказиб бериш санаси афғон томонидан олиб киришга рухсат берилишига боғлиқ ва ушбу масала Қочқинлар бошқармасининг Кобулдаги ваколатхонаси томонидан ҳал этилмоқда», — деди бошқарма вакили.

Агентлик суҳбатдоши Бошқарманинг янги инсонпарварлик юклари Афғонистонга Термиз орқали ташилишини, чунки мазкур йўналиш Ўзбекистон биргаликда афғон халқига ёрдам етказиш учун қўшимча транспорт коридори сифатида белгиланган.

Termiz Cargo Centre терминали Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидан 2 км масофада жойлашган. Ўзининг жойлашув ўрни, ҳажми ва ўтказувчанлиги, шунингдек, улар кўрсатаётган хизматлари билан терминал афғон халқига ёрдам кўрсатиш учун муҳим марказ сифатида кўрилмоқда.

Октябрь бошидан буён Термиздаги логистика марказидан Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 40 вагонга яқин маҳсулотлар юборилди.