Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 18 октябрь куни қабул қилинган ва 21 октябрь куни Сенат уни маъқуллаган эди.

Қонунга киритилган 1−1 моддага кўра, президент Ўзбекистон Республикаси Президентининг белгиси ва штандартига (байроғига) эга бўлади.

Маълумот ўрнида, штандарт — махсус турдаги байроқ. Хорижий давлатларда у президентлик белгиси (рамзи) ҳисобланади. Штандарт (байроқ) президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади.

Президент белгиси — президентнинг фарқловчи расмий белгиси. Бу белги президентлик лавозимига сайланган шахсни ўз лавозимига юклатилган оғир вазифаларни самарали амалга оширишида халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилади. Президент белгиси ушбу лавозимга сайланган шахсга лавозимга киришиш чоғида у қасамёд қабул қилганидан сўнг топширилади ва конституциявий ваколат муддати тугагунга қадар Президентда сақланади.