Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бензин нархи кескин ошгани ҳақида хабар беришди. Аи-91 нархи 9400 сўмга, Аи-92 — 9100 сўмгача, Аи-95 — 11200 сўмга кўтарилгани ҳақида маълумотлар бор эди.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси бензин ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича расмий баёнот берди. 2021 йилнинг тўққиз ойида 562,4 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 654,9 минг тонна ишлаб чиқарилди ёки прогнозга нисбатан 116,4 фоизни ташкил этди (ўсиш суръати 105,6 фоиз).

Энг кўп ишлаб чиқарилган бензин — 524,6 минг тонна Аи-80, шунингдек, 81,1 минг тонна Аи-91, 43,9 минг тонна Аи-92, 5 минг тонна Аи-95, 300 кг Аи-98 русумли автобензин ишлаб чиқарилди.

Компаниянинг маълум қилишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан ташқари биржа аукционларида 10 дан ортиқ сотувчи бензин таклиф қилмоқда, республикада 2600 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари (шундан 65 тасига «Ўзбекнефтгаз» таркибига кирувчи UNG Petro компаниясига эгалик қилади) фаолият кўрсатмоқда.

«Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, „Ўзбекнефтгаз“ АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 80,1 фоизи „Аи-80“ маркали автобензин ҳисобланади. Жаҳонда нефть котировкаси йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошишига қарамасдан „Ўзбекнефтгаз“ АЖ „Аи-80“ автобензин нархини ички бозорга катта ҳажмда реализация (интервенция) қилиниши ҳисобига бир маромда ушлаб туришга эришилмоқда», — дейилади хабарда.

UNG Рetro АЁҚШларида 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган Аи-80 автобензини 5900 сўм чакана нархда (Тошкент ш.) сотилмоқда ёки йил бошига нисбатан 1,15 баробарга ошди, дея қайд этди компания.

Аи-91, Аи-92, Аи-95 маркали автобензинларнинг асосий ҳажми импорт хомашёсидан ишлаб чиқарилади ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жахон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилинади. «Шунинг учун мазкур турдаги автобензин нархлари нисбатан юқорироқ», — дея маълум қилди «Ўзбекнефтгаз».

Октябрь ойида Ўзбекистонда йил бошидан бери бензин нархи 28,2 фоизга ошгани хабар қилинган эди. Хусусан, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари асосан Аи-91 нархи 8100 сўмгача ошгани ҳақида изоҳлар қолдиришмоқда. Энергетика вазирлиги Аи-80 нархи ички бозордаги интервенция ҳисобига ушлаб турилганини, Аи-91, Аи-92, Аи-95 нархи эса жаҳон нефть бозорига боғлиқ эканлигини маълум қилди.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, республикада жами 729,4 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Автомобиль бензини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,1% га ошган. 2021 йилнинг 8 ойида Ўзбекистонга қиймати 100 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 281,6 млн литр автомобил бензинини импорт қилинган. Автомобиль бензини импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 баробарга ошган.

Ўзбекистонга ёқилғи асосан Россия (139 миллион литр), Туркманистон (121 миллион), Қозоғистон (16 миллион) ва Ироқдан (3,6 миллион) импорт қилинади.