Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бензин нархи кескин ошгани ҳақида хабар қилишмоқда. Мисол учун бир литр Аи-91 маркасидаги бензин 8100 сўмгача ошган.


Ижтимоий тармоқларда 30 сентябрь куни эълон қилинган хабар. Пост остида қолдирилган изоҳларда фойдаланувчилар Аи-91 бензини учун нарх 8300 сўмгача кўтарилгани ҳақида ёзиб қолдирган.

Энергетика вазирлиги вазиятга изоҳ берар экан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Аи-80 бензиннинг нархини маҳсулотни ички бозорга катта ҳажмда реализация (интервенция) қилиш ҳисобига бир маромда ушлаб турганини қайд этди.

Brent нефти нархи уч йил ичида илк бор 83 доллардан ошди. Goldman Sachs банки хом-ашё бозорида воқеа ривожи йил якунига қадар Brent нефтининг 1 баррели учун нарх 90 долларгача ошади деб ҳисоблайди, дея ёзмоқда РБК.

Манба: РБК.

Нефтнинг нархи ошиши фонида Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқараётган бензиннинг 78 фоизидан ортиғини ташкил қилувчи Аи-80 чакана нархда 5800−6100 сўм этиб сотилмоқда.

Хабарда қайд этилишича, Аи-91, Аи-92, Аи-95 бензинларининг асосий қисми четдан олиб келинаяпти ёки импорт хом-ашёдан ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг нархи жаҳон нефть бозори конъюнктурасига боғлиқ.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, 1 баррель 80 АҚШ доллар бўлганда 1 литр Аи-91 ва Аи-95 маркали бензин ўртача 8 900 сўмни ташкил қилади.


Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда 2017 йилдан бери бензин биржа савдолари орқали сотилаётгани, шу боис нарх бозор тамойиллари асосида шаклланишини қайд этди. Шу жумладан, 2017 йилнинг ноябридан Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 маркали, 2019 йилнинг 15 августидан эса — Аи-91 маркали, 2020 йилнинг 1 майидан эса — Аи-80 маркали бензин нархини тартибга солиш тўхтатилган.

«Мазкур автобензин нархларини Ҳукумат қарорлари билан белгилаш амалиётидан воз кечилди. Натижада соғлом рақобат муҳити шаклланди ва истеъмолчиларга мақбул нархларда сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилди», — дейилади хабарда.

Ички ишлаб чиқариш ва импорт

Давлат статистика қўмитаси расмий маълумотларига кўра, 1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистонда 729,4 минг тонна (992,4 млн литр атрофида) бензин ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга кўп. Шунга қарамасдан, 8 ой мобайнида мамлакатга 100 млн долларлик 281,6 млн литр бензин (мамлакатда умумий бензин истеъмоли ҳажмининг 22 фоизи) импорт қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга қараганда 3,2 маротаба кўпроқ.

Ўзбекистонга асосан ёқилғи Россиядан (139 млн литр), Туркманистон (121 млн лирт), Қозоғистон (16 млн литр) ва Ироқдан (3,6 млн литр) олиб кирилади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан бери бензин нархи 28,2 фоизга, пропан эса — 27,3 фоизга ошган.