Пайшанба куни президентликка «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров тошкентлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашув сўнггида номзод журналистларнинг, жумладан «Газета.uz» мухбири Оғабек Самисовнинг сайловдан қандай натижа кутаётгани ва қанча овоз йиғишни мақсад қилгани ҳақидаги саволига жавоб берди.

«Мен ҳозир тахмин қилмоқчи эмасман. Сайловнинг натижалари эълон қилингандан кейин маълум бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, сайлов жараёнидаги рақобат муҳитида яққол фикрлар ажралиб турганини қайд этди.

«Лекин, мен бир нарсани эътироф этиб кетишим керак, тажриба ёки сиёсий нуқтаи назардан бўладими барча масалалар бўйича Ўзбекистонда бугун келаётган рақобат муҳитида яққол фикрлар ажралиб турибди. Ва бизни фикрларимиз одамларга ёқмаётган бўлиши мумкин», — деди номзод.

У сўзи давомида мигрантлардан солиқ ундириш борасидаги таклифини ҳам ёдга олди.

«Мана битта айтган таклифимизга шунча негатив муносабат. Мен шунақа гапимни тушунтира олмаётган пайтимда ҳам шу миллат, ватан ҳақида ўйлаяпман, лекин одамлар мени тушунмаётган пайтда ғалабадан умидвор бўлишим мумкинми? Афсус билан айтиш керак, агар одамлар мени тушунмаётган бўлса менга овоз бермайди», — деди Алишер Қодиров.

У шунга қарамасдан ғояларни илгари суришдан тўхтамаслигини қўшимча қилди.

«Лекин мен гапдан тўхтамоқчи эмасман, мен давом эттиравераман. Эҳтимол ғалабадан умидвор эмасдурман, лекин натижада одамлар албатта ўзгаради. Мени ишончим комил, Ўзбекистоннинг жамияти барибир ўзгаради», — деди «Миллий тикланиш» номзоди.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида «Миллий тикланиш» номзод сифатида Алишер Қодировни кўрсатганида у президентлик сайловларида ғалаба қозонишни ният қилаётганини бирдирган эди. Қодиров ўшанда мазкур сайлов аввалгиларидан фарқ қилишини айтганди.

Аввалроқ, андижонлик сайловчилар билан учрашувда «Миллий тикланиш» партияси номзоди сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди. «Келинглар энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — деди у.