Январь-августь ойларида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми қарийб 4,9 млрд долларни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг 9 сентябрь куни ўтказилган йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд долларга ёки 35% га, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 1 млрд долларга ёки 26% га ўсган. Ушбу маблағлар аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, трансчегаравий пул ўтказмаларининг ортиши ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим ўрин тутиши таъкидланган.

Маълумот учун, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми январь-апрель ойларида 1,99 млрд долларни ташкил этган эди.