Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 октябрь ҳолатига 34,41 млрд долларни ташкил этди. Сентябрь ойи билан таққослаганда бу кўрсаткич 1,02 млрд долларга ёки 2,9 фоизга камайди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларига таяниб Spot нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, йўқотишларнинг ярми олтинга тўғри келади. Бир ой мобайнида унинг миқдори 200 минг трой унцияга ошди, лекин унинг умумий қиймати 528 млн долларга камайди. Шундан кейин олтиннинг бир унцияси учун нархи тахминан 1762 доллардан 1 октябрда — 1760 долларга тушди. Бироқ, ҳозир қимматбаҳо металларнинг бир трой унцияси нархи 1775 долларга кўтарилди.

«Айни вақтда олтин-валюта захиралар қолдиғи ташқи қарз ҳажмидан ортда қолмоқда… Одатда олтин сотилмаган ойларда олтиннинг физик ҳажми ўртача 300 млн трой унциясига кўпайиб борарди. Сентябрда физик ҳажм фақат 200 трой унциясига ошгани инобатга олинса, эҳтимолки, ўтган ойда олтин ишлаб чиқарилувчилардан сотиб олинган олтиннинг бир қисми экспорт қилинган бўлиши мумкин», — дея ёзади Bakiroo Телеграм канали.

Ҳозирда Ўзбекистонда 21,345 млрд долларлик олтин захираси бор — бу 12,3 миллион трой унцияни ташкил этади (тахминан 382,6 тонна, бу ўтган ойга қараганда 6 тоннага кўп).

Захиралар камайишининг яна бир сабаби валютадаги активларнинг қисқаришидир. Сентябрь ойида валютадаги активлар 479 млн долларга камайиб 11,95 миллиард долларни ташкил қилди.

Қайд этилишича, ҳозирги захиралар 18 ойдан ортиқ муддатда импортни молиялаштириш учун етарли бўлади. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган 3 ойлик даражадан анча юқори ҳисобланади.

Захиралар, бошқа нарсалар қаторида, мамлакат учун «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланади. Улар салбий ташқи зарбаларга қарши ишлатилиши учун зарур ва захираларнинг етарлилиги бевосита ушбу зарбаларнинг табиатига ҳам боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг расмий захира активлари август ойи бошида 965 млн долларга ошиб, 35,1 млрд долларга етгани хабар қилинганди.