Renault компанияси ҳамкори Roodell билан Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш ва тижорий фаолиятини йўлга қўймоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Renault Россия ва МДҲ бош директори Ян Птачекнинг маълум қилишича, бозордаги мавжудлик Renault автомобилларини маҳаллий йиғиш ва дилерлик тармоғини ривожлантиришни назарда тутади.

Renault Ўзбекистон бозорига SUV сегментидаги моделларни тақдим этади. Илк автомобиллар мижозларга ноябрдаёқ тақдим этилади: дастлаб сотувга Renault Arkana купе-кроссовери ва Renault Kaptur шаҳар кроссовери, кейинроқ эса — янги авлод Renault Duster йўлтанламаси чиқарилади.

Ўзбекистон ҳудудида Renault дилерлик тармоғини ривожлантириш бозор талабларига кўра босқичма-босқич амалга оширилади. Биринчи босқичда Тошкентдаги иккита дилерлик марказида Renault сотиш ва хизмат кўрсатиш амалга оширилади.

«Газета.uz» Жиззахдаги ADM-Jizzakh заводида LADA ва Renault автомобилларини йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эди. Инвестиция дастурига кўра, лойиҳавий қуввати йилига 100 минг дона автомобилни ташкил этади. Лойиҳа 60,9 млн долларга баҳоланган бўлиб, унинг 33,3 млн долларини 2021 йилда ўзлаштириш белгиланган.

Spot нашрининг ёзишича, Renault Group Lada русумли автомобилларни етказиб бериш билан Ўзбекистон бозорига кириб келган. Бозорда Lada ва Kia автомобилларини сотишни йўлга қўйган Roodell унинг маҳаллий ҳамкори ҳисобланади.

Россияда Arkana нархи 1,28 млн рублдан ($17,6 минг), Kaptur — 1,2 млн рублдан ($16,5 минг), Duster — 1,01 млн рублдан ($13,9 минг) бошланади.