Бухорода автомашина газ баллони ёрилиши оқибатида 2 киши вафот этди, дея хабар бермоқда Zo’r TV телеканалининг «Бу кун» информацион дастури.

11 октябрь куни соат 16:55 ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи А380 автомобиль йўлининг «Бухоро — Ғузор — Денов» йўналишининг 207 км да ҳаракатланаётган «Газ-24» фургон русумли автомобилда ўрнатилган 2 та 50 литр ҳажмли сиқилган газ баллонларининг биттаси ёрилган.

Натижада автомашина ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳалок бўлган.

Газ баллони ёрилишига унинг носозлиги сабаб бўлган, деб тахмин қилинмоқда.

«Ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлмагани айтилмоқда, бироқ воқеа жойига ёнғин қутқарув бўлинмалари етиб келган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда воқеа юзасидан вилоят ИИБ томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.