Корея Республикаси ҳукумати 2021 йилда Ўзбекистонда COVID-19 билан курашиш бўйича комплекс дастурни амалга ошириш учун 5 млн доллар ажратди, ушбу маблағдан 4,57 млн доллари соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилади. Бу ҳақда «Газета.uz» Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан амалга ошириладиган дастурнинг очилиш маросими 12 октябрь куни бўлиб ўтди. У Корея Республикаси ТИВининг «Кореянинг Тараққиёт учун расмий ёрдами: Ишончли муносабатларни қуриш» («ODA KOREA: Building TRUST») дастури доирасида амалга оширилади.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев, Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов, Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг кўптомонлама муносабатлар ва глобал масалалар бўйича ўринбосари Хам Санг Ук, Корея Республикаси элчиси Кан Чжэ Квон, KOICA`нинг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сунжин, Корё университети профессори Чой Же Вук ва бошқалар иштирок этишди.

Комплекс дастур доирасида KOICA Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан юқумли касалликлар профилактикаси ва уларга қарши кураш бўйича KOICA дастурини (1,6 млн доллар) ҳамда Тошкент тиббиёт академияси билан юқумли касалликларни тадқиқ қилиш салоҳиятини ривожлантириш бўйича дастурни (300 минг доллар) амалга ошириш бўйича меморандумларни имзолади.

Жорий йилги дастурлар юқумлик касалликларни профилактика ва назорат қилишни бошқариш соҳасида салоҳиятни мустаҳкамлаш, юқумлик касалликлар диагностикаси билан шуғулланадиган лабораториялар учун сифат назорати тизимини яратиш, юқумли касалликлар ва вакцинацияни мониторинг қилиш миллий тизимини яратиш, коронавирус билан боғлиқ тадқиқотлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек тиббий муассасаларга ускуналарни тақдим этиш орқали даволаш салоҳиятини мустаҳкамлаш ва бошқаларни ўз ичига олади.

Тадбир давомида KOICA Соғлиқни сақлаш вазирлигига 35 та туманлараро тез ёрдам марказларига ўрнатиш учун 2,32 млн долларлик 87 та кислород генераторларини топширди.