Пандемия шароитига қарамасдан 2020 йилнинг 10 ойида avtoraqam.uzex.uz онлайн-аукциони орқали жами 218,8 млрд сўм қийматда 80,5 мингдан зиёд «чиройли» рақамлар сотилди, дея хабар берди UzEx товар хом ашё биржаси матбуот хизмати.

Ушбу даврда 2,6 баробар кўпроқ авторақамлар сотилиб, улардан тушган маблағ 71,2% га ошган.

Авторақамни сотиб олиш бўйича битта битимнинг ўртача қиймати 2,6 млн сўмни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, сотилган давлат рақамининг минимал қиймати 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 186,2 млн сўмни ташкил этди.

Хабар берилишича, яқинда «Avtoraqam» мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилиб, унга савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш функциялари қўшилди. Киритилган янгиликлар фойдаланувчилар учун мобиль илова ёрдамида биржанинг авторақам онлайн-аукционларида эркин иштирок этиш имкониятини тўла тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «чиройли» рақамлар 6 та тоифага ажратилгани ва айримларининг бошланғич нархлари ўзгаргани ҳақида хабар бергандик.