Адлия вазири Русланбек Давлетов «Ўзбекистон: беш йил ичидаги жадал ислоҳотлар» халқаро анжуманида ўтган йиллар давомида амалдорларни ўзгаришига туртки бўлган омиллар ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Янги «Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги, «Давлат хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунлар бизни фаолиятимизни, яъни қандай қадам босишимизни ўзгартирди. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонунни оладиган бўлсак, уни ичида белгиланган талаблар асосида биз халқ билан бўладиган муносабатимизни тартибга солаяпмиз», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, янги талабларга асосан 33 та ҳолатда очиқ маълумотлар шаклида мажбурий жойлаштириш керак бўлган ахборотлар белгиланган.

«Очиқлик индекси давлат идоралари ўртасида белгиланадиган бўлаяпти. Бу очиқлик дегани айтишга осон, биз ҳам ҳукуматда ишлаймиз. Агар [амалдорнинг] битта қадами бировга ёқмайдиган қадам бўлса, албатта яширишга ҳаракат қилади, кўп ҳолатларда шунақа. Шунинг учун ҳам очиқлик катта масъулият», — деди Русланбек Давлетов.

Унинг таъкидлашича, очиқлик сиёсати «қайсидир вазирлик учун қийин бўлиши мумкин, лекин жамият учун яхши».

«Керак бўлса ўша раҳбарларни хонасини таъмирлаш учун, машинаси учун қанча пул кетказаяпти. Жамиятимиз „бу мутасадди мана бундай машина олибди, бу ундан олибди“ деган масалани қўйяпти. Бу бизни ҳам масъулиятимизга таъсир қилаяпти. Кейинги сафар озгина арзонроқ машина олишга ҳаракат қиламиз. Яъни, жамият очиқлик орқали [мансабдорларни] тарбиялайди. Буни ҳам тан олишимиз ва фаолиятимизга тўғри таъсирини ҳам айтишимиз керак», — деди вазир.

Аввалроқ, адлия вазири Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун, 2000 га яқин Ўзбекистон президентининг фармон ва қарорлари қабул қилинганини айтган эди.

Қолаверса, Русланбек Давлетов давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга бериш борасида ҳам фикр билдирди. «Кўп ҳолатларда хусусий сектор давлатга қараганда яхши ишлайди», — деган эди у. Шунингдек, вазир Ўзбекистондаги қамоқхоналар хусусий секторга ўтказилмаслигини қўшимча қилди.