5 октябрь куни бўлиб ўтган Ҳаракатлар стратегияси сарҳисобига бағишланган анжуманда адлия вазири Русланбек Давлетов давлат идораларининг хусусий сектор билан яқиндан ишлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«6 та функция хусусий секторга ўтди, буни давом эттиришимиз керак. Кўп ҳолатларда хусусий сектор давлатга қараганда яхши ишлайди. Мана нотариуслар масаласида бизга роса қаршилик бўлган эди. Кўп одам қўллаб-қувватламади… Ишлаб кетди, камчиликлари бор, биз буни устида туриб, бошқариб бораяпмиз. Лекин эффект бераяпти. Яъни жуда катта ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган, ҳуқуқий оқибат олиб келадиган хатти-ҳаракатларни ҳам давлат номидан нотариус тасдиқлаб бераяпти», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, «шундай оғир функцияларни нотариусга бера олган давлат, демак бошқа соҳаларни ҳам бера олади».

«Давлат хизматлари соҳасида ҳам [хизматларни хусусий секторга] бера оламиз. Кўп давлатлар, хаттоки, қамоқхоналарни ҳам хусусий секторга берган. Мен буни таклиф қилмаяпман, бошқача ўйламаслик керак. Фикрим шундан иборатки, хусусий сектор билан дадил ишлашимиз лозим», — деди Давлетов.

Тадбир якунида вазир журналистлар билан суҳбатлашар экан, юқоридаги фикрлари билан айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритди.

«Биз, албатта, қамоқхоналарни хусусий қўлларга беришни таклиф қилмаймиз. Нуқта. Мен буни бошқа давлатларда қўлланилади, дея мисол тариқасида айтиб ўтдим, холос. Давлат алоҳида функцияларини хусусий секторга бериши мумкин. Бу нормал ҳолат. Бироқ, бунинг учун яхши тартибга солиш механизмлари, қонунлар бўлиши керак. Президентнинг функцияларни топширишни амалга ошириш алгоритми тўғрисидаги қарори ҳамда қандай қилиб таҳлилни ўтказиш ва функцияларни хусусий секторга беришни тўлиқ, батафсил ва босқичма-босқич тартибга соладиган ҳукумат қарори мавжуд», — деди адлия вазири.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга бериш босқичига фаол ўтилмоқда.

«Мен бекорга суд экспертизасини мисол қилиб келтирмадим. Бу давлат иштироки бўлиши керак бўлган жуда муҳим соҳа. Лекин, биз бу соҳада ҳам хусусий қўлларга беришимиз мумкин бўлган кўплаб йўналишларни кўрдик. Бироқ, уларнинг фаолияти устидан шаффоф назорат механизмларига ҳам эга бўлишимиз керак. Шунинг учун биз хусусий суд экспертлари томонидан бериладиган барча турдаги экспертизалар ҳисобга олинадиган ва қайд этиладиган электрон тизимни шакллантирмоқдамиз», — деди Русланбек Давлетов.

Таъкидланишича, муайян соҳаларга эътибор қаратган ҳолда функцияларни алоҳида-алоҳида тартибда ўтказиш механизмларини танлаш керак. «Адлия вазирлиги бу каби функцияларни беришни маъқуллайди», — деди у.

Ўзбекистон қачондир қамоқхоналарни хусусий секторга ўтказиши мумкинми деган саволга адлия вазири «йўқ» деб жавоб берди.

Аввалроқ, «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодиров ўзининг сайловолди дастурида жазони ижро этиш муассасаларини ИИВдан Адлия вазирлиги тизимига ўтказишни таклиф қилган эди.

Мазкур мавзуда 2020 йилнинг феврал ойида Русланбек Давлетов «Газета.uz» мухбирига Адлия вазирлиги жазони ижро этиш муассасаларини ўз қарамоғига олиш режасида эмаслигини айтганди. Вазир шунингдек, қамоқхоналарда қийноқлар ва зўравонликка қарши самарали кураш учун тизимнинг ўзида ислоҳот қилса бўлишини қўшимча қилганди.

2021 йилнинг февралида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев қамоқхоналарда қийноқлар аниқланмаётганига муассасалардаги тиббий ходимлар ИИВга бўйсунишини сабаб қилиб кўрсатган эди.